8 июль – Кувайт билан дипломатик муносабат ўрнатилган кун
Мамлакатимизнинг Кувайтдаги дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими ўтказилди.
Тадбирда Кувайтнинг етакчи ишбилармон доиралари вакиллари, сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирок этди.
Элчимиз Аюбхон Юнусов Ўзбекистон Кувайт билан муносабатни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлади. Юртимизнинг бой тарихи, қадимий Ипак йўлидаги мафтункор ёдгорликлари хорижлик сайёҳлар учун ноёб ва истиқболли танлов эканини эслатди.
Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган, икки томондан 90 га яқин сайёҳлик компанияси иштирокида “Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси” мавзусида ўтаётган форум олдидан “Ал-Жарида” нашрига берган баёнотида А.Юнусов мазкур анжуман республикамизнинг Кувайтдаги салоҳиятини таъминлашда муҳим босқичлигини қайд этди. Мамлакатларимиз ўртасида туризм ҳамкорлиги жадал ўсиш суръатини намойиш этаётган бир пайт қадимий ислом меросини замонавий инфратузилма билан уйғунлаштирган Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби қадимий шаҳарларимизни кашф этиш имконияти мавжудлигини таъкидлади. Ўзбекистон ҳукумати аккредитациядан ўтган сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорликда Кувайт фуқаролари учун ҳам қўшимча қулайликлар, жумладан соддалаштирилган виза тартиб-таомили ва мослаштирилган туристик жамланмалари тақдим этишга интилаётганига урғу берди.
Кувайтни Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши мамлакатларига маҳсулотларимиз экспорти учун дарвозага айлантириш имконияти юқори. Бу жараёнда товарларимиз тарқатиладиган минтақавий марказ, жумладан озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм ва гилам омборлари барпо этиш муҳим. Зеро, ушбу араб давлати бугунги кунда минтақадаги муҳим ҳамкоримиз сифатида кўриляпти. Ишбилармонлар ўртасида учрашувлар ўтказиш, қўшма лойиҳаларни рағбатлантиришда эса икки томон Савдо-саноат палаталари муҳим ўрин тутади.
– Биз мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч, бир-бирини тўлдирувчи имкониятлар ва томонлар ўзаро тақдим этаётган истиқболли имкониятлар сармоясига асосланган стратегик шерикликнинг янги босқичига интиламиз, – дея сўзини якунлаган Элчи.
Йиғилганларга Ўзбекистонда савдо-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, ташқи савдони ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, эркин иқтисодий зоналар ва саноат ҳудудлари фаолияти, хорижий инвесторлар ва импортёрлар учун яратилган қулайликлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Ҳудудлар турли соҳада сармоявий лойиҳалар амалга ошириш имкониятига эгалиги айтилди. Хорижий инвесторлар ўз капитали асосида ёки маҳаллий шериклар билан бирга қўшма бизнес лойиҳалари амалга ошириши учун зарур шароит яратилиши таъкидланди. Шунингдек, Кувайт бизнеси Ўзбекистонга сармоя киритишга чақирилди.
Ўзбекистондан мева экспортини кўпайтиришга эътибор қаратилди. Элчихона саъй-ҳаракати билан 2024 йил илк бор 20 тонна мева Кувайтга жўнатилгани маълум қилинди. Бу йўналишда шерикликни мустаҳкамлаш учун зарур кўмак кўрсатилиши тасдиқланди.
Кувайт томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, оммабоп туризм йўналишлари ҳамда бой маданий ва тарихий мероси билан танишди.
Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби амал қилмоқда. Жумладан, жорий йил 1 июндан бошлаб Кувайт фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилгани ҳақидаги маълумот тадбир қатнашчилари томонидан мамнунлик билан кутиб олинди.
“Kuwait Investment Co.” вакили Талол Ар-Рашдон диёримизга сафари ва мавжуд инвестициявий муҳитга тўхталди.
– Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти жуда юқори, бу заминда турли лойиҳалар амалга ошириш учун барча имконият мавжуд, – деди у. – Шунингдек, мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик сайёҳлар республиканинг турли ҳудудларини зиёрат қилиши учун шароит яратади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА