“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориш кўламини икки бараварга ошириш бўйича вазифа белгиланган.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда 750 нафар стипендиат АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олмоқда.
Хўш, "Эл-юрт умиди" жамғармасига топширилган ҳужжатларда келтирилган университетни кейинчалик ўзгартириш имкони борми?
Жамғарма матбуот хизматининг маълум қилишича, мавжуд тартибга асосан, "Эл-юрт умиди" стипендияси ғолиблари очиқ танлов асосида тест синовлари ва суҳбат ўтказиш орқали аниқланади. Тест синовларида номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва креативлик қобилиятлари, психологик барқарорлиги баҳоланади.
Стипендия танловлари вақтида номзод томонидан олийгоҳ кўрсатилади. Номзодларнинг ҳужжатлари 2025 йил 3 июндан – 16 июнга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади. Белгиланган муддат якунига етганидан сўнг, номзодга "Эл-юрт умиди" жамғармасига топширилган ҳужжатларда келтирилган университетни ўзгартириш имкони берилмайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА