Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши учун керакли шарт-шароит яратиш мақсадида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасида кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришда таълим ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш юзасидан меморандум имзоланган.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан Ўзбекистон учун энг устувор соҳаларда, мутахассисликлар бўйича 350 ўринга очиқ стипендия танлови эълон қилинган.
Шу муносабат билан ушбу танловга қатнашувчиларни жалб этиш ва йўналтириш мақсадида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида Агентлик тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда амалий-семинар ташкил этилди.
Ушбу семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов, “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори Адҳам Бекмуродов, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умаровалар иштирок этди.
– Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлод учун барча имкониятлар яратилган. Ҳар бир ёш чет элда ўқишни, дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олишни, малака оширишни орзу қилади, албатта. “Эл-юрт умиди” жамғармаси эса анча йиллардан бери ёшларнинг бу орзуларини амалга ошириб келмоқда, – дейди Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова.
Жамғарма 2021-2022 ўқув йили учун энг нуфузли хорижий давлатларда:
- бакалавриат таълим дастури учун 100 нафар,
- магистратура таълим дастури учун 150 нафар,
- докторантура таълим дастури учун 100 нафар стипендия ажратиши маълум қилинган.
Ушбу семинар давомида мактаб ўқувчилари ва ёшлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти, имкониятлари ҳақида тўлақонли маълумотларга эга бўлишди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА