Эл осойишталиги посбонлари эъзозланди
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 35 йиллиги ҳамда 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Сирдарё вилоятида байрам тадбирлари ташкил этилди.
Байрам тадбирлари Гулистон шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси бўйлаб вилоят ички ишлар органлари шахсий таркибининг тантанали паради билан бошланди. Унда соҳа ходимлари, махсус ва замонавий техникалар, хизмат автомашиналари ҳамда отлиқ кавалерия бўлинмалари қатнашди. Парад давомида ички ишлар органларининг хизмат салоҳияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги имкониятлари намойиш этилди.
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида эса касб байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг раҳбарлари, соҳа фахрийлари ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этишди.
Тантанали маросим жанговар байроқнинг оркестр садолари остида олиб кирилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши билан бошланди.
Тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзараимов Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатовнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
[gallery-32162]
Табрикда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ички ишлар органлари ходимлари зиммасига юклатилган вазифалар таъкидланди. Шунингдек, аҳоли билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жойларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш ҳамда қонун устуворлигини қарор топтириш муҳимлиги қайд этилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров соҳа ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларнинг Ватан тинчлиги, халқ осойишталиги ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги хизматларини эътироф этди. Ходимларга масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар ва оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилади.
Тадбир доирасида соҳада кўп йиллар давомида самарали фаолият юритган фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Шунингдек, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, фаолиятида муносиб натижаларга эришган ходимларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Жумладан, вилоят раҳбарининг тегишли буйруғига мувофиқ бир гуруҳ ходимларга фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида бир қатор ходимлар навбатдаги махсус унвонлар, кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик қўл соатлари билан тақдирланишди. Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзараимовнинг буйруғига мувофиқ, бир гуруҳ ходимлар мукофотланишди.
Байрам тадбири санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар билан давом этди. Мусиқий чиқишлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаб, тадбирга байрамона руҳ бахш этди.
Тадбир якунида ички ишлар органлари ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда аҳоли билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги вазифалари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА