Эл эъзозидаги ижодкор
Журналистикада ҳақиқатни айтиш, адабиётда эса инсон қалбига йўл топиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бу икки фазилатни бутун умри давомида ўзида мужассам этган, Сирдарё матбуоти ва миллий журналистика тараққиётига муносиб ҳисса қўшган таниқли журналист, шоир, публицист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, оқолтинлик Абдурашид Пардаев муборак 80 ёшни қарши олди.
Устознинг қутлуғ айёми муносабати билан унинг хонадонида ташкил этилган самимий учрашув маънавият ва сўз аҳлини бир даврага жамлади. Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлар, устознинг сафдошлари, шогирдлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда Оқолтин тумани раҳбарияти иштирок этди. Суҳбатлар марказида бир инсоннинг ҳаёти эмас, балки ярим асрдан зиёд вақт мобайнида ҳақиқат, сўз ва виждонга садоқат билан хизмат қилиб келаётган фидойи ижодкорнинг ибратли ҳаёт йўли турди.
Саксон йил... Бу шунчаки умр эмас. Бу қалам билан босиб ўтилган йўл. Бу юзлаб публицистик мақолалар, ўнлаб китоблар, минглаб сатрлар, эл дарди билан битилган саҳифалар, ҳақиқат ва адолат йўлидаги матонатли меҳнатдир.

— Бугун Сирдарё матбуотини Абдурашид Пардаевсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки «Оқолтин овози» газетаси дейилса, кўпчиликнинг кўз ўнгида, аввало, принципиал муҳаррир, ўткир қалам соҳиби гавдаланади. У бутун ҳаёти давомида сўзга ҳам, касбига ҳам хиёнат қилмади, — дейди устознинг сафдош дўсти ва маслакдоши, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бойжигит Абдуллаев.
Абдурашид Пардаев 1946 йил 1 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида таваллуд топган. 1972 йилда Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаб, меҳнат фаолиятини республикадаги машҳур «Муштум» журналида бошлади. Бу даргоҳ унинг қаламини чархлади, танқидий фикрлаш ва ҳақиқатни ҳимоя қилиш туйғусини янада мустаҳкамлади.
1974 йилдан бошлаб унинг ҳаёти Сирдарё билан чамбарчас боғланди. Янги ташкил этилган «Оқолтин овози» газетасида мухбир, бўлим мудири, кейинчалик бош муҳаррир сифатида меҳнат қилди.
Айниқса, 2008 йилдан буён газетани халқ дарди, ҳақиқат ва адолат минбарига айлантириш йўлида катта меҳнат қилди. Унинг раҳбарлигида нашр танқидий-таҳлилий журналистика анъаналарини янада мустаҳкамлаб, ўқувчилар ишончини қозонди.
Журналистикада бир ҳақиқат бор: ҳамма ёза олади, аммо ҳамма ҳам ҳақиқатни ёза олмайди. Чунки ҳақиқатни айтиш учун билимдан ташқари жасорат ҳам талаб этилади. Абдурашид Пардаев ана шу жасоратни бутун умри давомида асраб келди. Унинг танқидий мақолалари, ўткир фельетонлари ва таҳлилий чиқишлари кўплаб муаммоларнинг ечим топишига туртки бўлди. Шу боис ҳам унинг қаламига бўлган эҳтиром ҳамиша юксак бўлиб келди.
У фақат моҳир журналист эмас, балки бутун бир устозлик мактабини яратган инсон ҳамдир. Бугун республика ва вилоят оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган кўплаб журналистлар уни ўз устози деб билишади.

— Абдурашид Пардаев устозни биз нафақат сўзи ўткир журналист, балки миллий журналистикамизда ўз мактабини яратган фидойи инсон сифатида қадрлаймиз. У раҳбарлик қилган йиллар давомида «Оқолтин овози» ҳақиқат ва адолат минбарига айланди. У тарбиялаган шогирдлар бугун мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида муносиб меҳнат қилмоқда.
Устознинг ҳаёт йўлида турмуш ўртоғи, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Муяссар Пардаеванинг ҳам муносиб ўрни бор. Бу хонадонда журналистика касб эмас, балки ҳаёт тарзи, маънавий қадрият сифатида эъзозланади. Шунинг учун ҳам Пардаевлар оиласи кўпчилик учун аҳиллик, касбга садоқат ва маърифатга хизмат қилишнинг ибратли намунасидир, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова.

Абдурашид Пардаевнинг ижоди ҳам серқирра. «Қирлардаги сўнмас лолалар», «Дарё бўйидаги овул», «Уч ғилдиракли велосипед», «Шукрлар бўлсин», «Умр ҳикматлари», «Танланган асарлар», «Найман ҳикматлари» каби китоблари китобхонлар меҳрини қозонган. Айниқса, уч мингдан зиёд ҳикматни жамлаган «Найман ҳикматлари» тўплами ижодкорнинг теран мушоҳадаси ва ҳаётий фалсафасини яна бир бор намоён этади.
Шоирнинг:
Севиб, севмаганда оқ тонг не қилсин,
Изсиз юрганларда жон, тан не қилсин.
Ватанни севмаклик иймондан экан,
Иймонсиз авлодда Ватан не қилсин.
деган рубоийси унинг нафақат ижодий, балки ҳаётий эътиқодини ҳам ёрқин ифода этади. Бу мисраларда Ватанга муҳаббат, инсон иймони ва маънавий масъулият яхлит фалсафа сифатида талқин қилинган.
— Абдурашид Пардаев нафақат моҳир журналист ёки истеъдодли шоир, балки бутун бир маънавий мактабни яратган устоздир. Унинг қаламида ҳаёт ҳақиқати, халқ дарди ва инсон қадри мужассам. Бундай инсонлар фақат асарлари билан эмас, тарбиялаган шогирдлари ва қолдирган маънавий мероси билан ҳам яшайди, — дейди Гулистон давлат университети профессори, фалсафа фанлари номзоди Равшанбек Маҳмудов.
Тадбирда сўзга чиққанлар бир фикрни алоҳида таъкидладилар: Абдурашид Пардаевнинг энг катта бойлиги китоблари ёки эгаллаган лавозимлари эмас, балки халқ ишончи, ҳамкасблари эҳтироми ва юзлаб шогирдларининг меҳридир.
Саксон йил — бу шунчаки умр ҳисоби эмас. Бу эл ишончига сазовор ҳаёт, адолатга бағишланган фаолият ва сўз қадрини улуғлаган ижод мактабидир.

Бугун ҳам Абдурашид Пардаев янги сон устида бош қотиради. Ҳали-ҳамон мақолаларни таҳрир қилади, ёш журналистларга маслаҳат беради, газетанинг эртанги куни ҳақида ўйлайди. Чунки ҳақиқий ижодкорнинг нафақаси бўлмайди.
Унинг нафаси бор. Қалби бор. Қалами бор.
Бугун 80 ёшни қарши олаётган устоз ана шу фазилатлари билан халқ меҳрини қозонган, эл эъзозидаги ижодкорга айланган.
Тадбир якунида йиғилганлар Абдурашид Пардаевга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оилавий бахт-саодат ва яна кўп йиллар самарали ижод қилиш бахтини тиладилар. Зеро, ҳақиқатга хизмат қилган қалам ҳеч қачон чарчамайди, эл эъзозига сазовор инсон эса халқ хотирасида барҳаёт яшайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири