Экспорт салоҳияти ва саноат кооперациясига эътибор қаратилди
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва ташқи бозорларда миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Давлат раҳбари ташаббуслари асосида яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, экспортчиларга берилаётган имкониятлар ва замонавий саноат инфратузилмасининг ривожланиши ҳудудларда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, хорижий инвестиция ва технологияларни жалб қилишга кенг йўл очмоқда.
Божхона қўмитаси раиси ўринбосари О. Чориевнинг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари давомида ҳам ана шу вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бир қатор корхоналар фаолияти ўрганилиб, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида “KAMALAK SHABNAM TEKS” МЧЖ фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Корхонанинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги ўрни, экспорт-импорт операциялари, ишлаб чиқариш қуввати ҳамда халқаро бозорлардаги имкониятлари муҳокама қилинди.
Айниқса, Германиянинг нуфузли “Curt Bauer GmbH” компанияси билан қиймати 17 миллион евро бўлган шартнома доирасида брендни релокация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Бу нафақат маҳаллий корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ортиб бораётганини, балки Ўзбекистонда яратилган ишбилармонлик муҳити хорижий компаниялар билан узоқ муддатли ҳамкорлик учун тобора жозибадор бўлиб бораётганини ҳам кўрсатади.

Немис технологиялари асосида ишлаётган корхона автомобилсозлик, ҳарбий саноат, авиация, тиббиёт ва бошқа тармоқлар учун полиэстер ҳамда полиамиддан тайёрланадиган юқори сифатли техник тўқимачилик маҳсулотлари, шунингдек, аралаш толали уй текстили ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Корхонанинг бугунги фаолиятига рақамларда назар ташланса, экспорт йўналишидаги ўсиш салоҳияти янада яққол намоён бўлади. Жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари, умумий оғирлиги 770 тонна бўлган тўқимачилик матолари ва сочиқлар экспорт божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.
Шу билан бирга, 2026 йил давомида корхона томонидан қиймати 4,5 миллион АҚШ доллари, оғирлиги 1 500 тонна бўлган товарлар импорт божхона режимига расмийлаштирилган. Улар орасида трикотаж саноати учун зарур бўлган бўёқлар, кимёвий воситалар, тўқимачилик ускуналари ва бутловчи қисмлар бор.

Бу кўрсаткичлар корхона фаолиятида ташқи савдо операциялари салмоғи юқори эканини кўрсатиш билан бирга, ишлаб чиқаришнинг импорт хомашё ва замонавий технологиялар билан узвий боғлиқлигини ҳам намоён этади. Энг муҳими, импорт қилинаётган ресурслар тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни ташқи бозорларга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, корхонанинг ташқи иқтисодий фаолиятини фақат экспорт ва импорт ҳажмлари билан эмас, балки импорт қилинаётган технология ва хомашёни юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотга айлантириб, уни хорижий бозорга экспорт қилиш жараёни сифатида баҳолаш мумкин.

Учрашувда корхонанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, ташқи бозорлар географиясини кенгайтириш, божхона жараёнларини соддалаштириш ва тадбиркорларни қийнаётган масалаларни тизимли ҳал этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Зеро, давлат раҳбари томонидан белгиланаётган асосий мақсад — тадбиркорга фақат ишлаб чиқариш учун шароит яратиш эмас, балки унинг маҳсулотини дунё бозорига олиб чиқиш, рақобатбардошлигини ошириш ва янги қиймат занжирларига интеграция қилишдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири