Экскаваторлар хатланди, энди аукцион савдосига чиқарилади
Сирдарё вилоятида суд қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида қарздор корхонага тегишли икки дона «VOLVO» русумли экскаватор хатланиб, сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ижро ҳаракатлари суднинг қарорига асосан қарздор корхонадан Бизнесни ривожлантириш банки фойдасига 1 миллиард 812 миллион сўм кредит қарздорлигини ундириш мақсадида амалга оширилди.
Қарздорга қарздорликни ихтиёрий равишда бартараф этиш учун қонунчиликда белгиланган муддат берилган. Бироқ ушбу муддат ичида суд қарори талаблари бажарилмагани сабабли давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро чоралари қўлланилди.
Натижада кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган икки дона «VOLVO» русумли экскаватор хатланиб, белгиланган тартибда жарима майдонига қўйилди.
Айни пайтда хатланган махсус техникаларни электрон онлайн-аукцион савдосига чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Уларни сотишдан тушган маблағ суд қарорига мувофиқ кредит қарздорлигини қоплашга йўналтирилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири