Шу кунларда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасининг қатор туманларида бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Жумладан, халқ вакили Беруний туманида бўлиб, “Райҳон Аппарел” тикув-трикотаж фабрикасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
2024 йилда корхонага хориждан тайёр кийимларга гул босиш ускунаси олиб келинган бўлиб, бугунги кунда фабрика буюртмалар асосида фаолият олиб бормоқда. Фабрикада 300 нафардан ортиқ ходим доимий иш ўрни билан таъминланган. Япония, Германия ва Туркиядан олиб келинган замонавий бичиш-тикиш ускуналари ёрдамида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Фракция раҳбари ўрганишлар давомида корхона раҳбари билан суҳбатлашиб, келгусидаги режалар билан қизиқди. Раҳбарнинг айтишича, корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш режа қилинаётган экан. А.Ҳамзаев корхона фаолиятини кенгайтириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Шунингдек, фракция раҳбари Беруний туманидаги янги барпо этилаётган мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрди. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида Бунёдкор маҳалласида жойлашган 14-сонли мактабгача таълим муассасасининг эскирган биноси тўлиқ бузилиб, ўрнига янгидан замонавий бино қурилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ ҳисобидан 120 ўринга мўлжалланган янги боғча биноси қурилиши бошлаб юборилган.

Қурилиш ишлари белгиланган меъёр ва сифат талабларига мувофиқ олиб борилмоқда. Янги боғча болалар учун қулай ва замонавий таълим-тарбия муҳитини яратиш имконини беради. Ишчи гуруҳ томонидан лойиҳа ижроси ва қурилиш сифатига риоя этилиш ҳолатлари ўрганилди.
Элликқалъа туманидаги Ибн Сино маҳалласига ташриф буюрган Экопартия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев аҳолининг турмуш даражаси билан яқиндан танишди. Хусусан, Бекмуҳаммад Мирзақулов хонадонида бўлиб, томорқадан унумли фойдаланилаётгани, деҳқончиликдан даромад топаётганини юқори баҳолади.

Шунингдек, ишчи гуруҳ Элликқалъа туманида жойлашган “Bustan silk” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт салоҳияти ва аёллар бандлигига қўшаётган ҳиссасини ўрганди. Ушбу корхона бир неча йиллардан буён пилла етиштириш, ипак хомашёсини қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан самарали шуғулланиб келмоқда. Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли ипак маҳсулотлари асосан Ҳиндистон, Хитой ва Вьетнам давлатларига экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 352,7 минг долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинган. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 1 миллион доллардан ошириш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда корхонада 42 нафар аёл-қиз доимий иш ўрни билан таъминланган. Корхона ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 2025 йил якунига қадар янги лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. Унга кўра, ипак ва пахта толаларидан қўл услубидаги дастгоҳлар орқали миллий анъаналар асосида адрас матоларини тўқиш йўлга қўйилади. Бу эса яна 15 нафар маҳаллий аёл-қизни иш билан таъминлаш имконини беради.
Фракция раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўрганишлари давом этмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА