Туркиянинг “Ekonomi Ulke” журналида “Ўзбекистон турк инвесторларига қулай шарт-шароитлар таклиф қилмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Ушбу материалда мамлакатимиздаги инвестиция муҳити, хусусан турк сармоядорларига яратилаётган қулайлик, юртимизнинг савдо ва инвестиция соҳасидаги имкониятлари батафсил таҳлил қилинган. Шунингдек, муаллиф Туркия савдо вазири Омер Болатнинг қуйидаги фикрларини иқтибос сифатида келтирган:
– Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат етакчилари томонидан белгиланган стратегик шериклик даражаси савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика ва инвестиция соҳаларида янги имкониятлар очяпти. Натижада ўзаро савдо айланмаси барқарор ўсиб боряпти. Яқин йилларда ушбу кўрсаткични 5 миллиард долларга чиқариш режалаштирилган.
Мақола республикамизда фаолият олиб бораётган “Koс Construction”, “Nobel Pharmsanoat”, OSTIM, ODAS, “CCI Uzbekistan”, “Aksa Enerji” сингари компаниялар тажрибаси хусусидаги маълумотлар билан бойитилган.
– Туркиялик ишбилармонлар фикрича, Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар, саноат кластерлари ва инфратузилмавий лойиҳалар мавжуд инвестиция салоҳиятини намоён этиб, янги қўшма корхоналар ташкил этилишига хизмат қилмоқда, – деб ёзади нашр. – Айниқса, маҳаллий мутахассисларнинг юқори малакаси ва қатъий меҳнат интизоми ҳамкорликдаги фаолият самарадорлигини таъминламоқда.
Г.Сатторова, ЎзА