Экология ва қурилиш соҳаларидаги мурожаатлар таҳлил қилинди
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва уларда кўтарилаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда Халқ қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг йиғилишида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, уларни кўриб чиқиш натижалари ҳамда соҳаларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар юзасидан ахборотлари эшитилди.
Ахборотда келтирилганидек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига 2026 йилнинг иккинчи чорагида жами 10 минг 295 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга кам. Мурожаатларнинг 82,1 фоизи ижобий ҳал этилган.

Айниқса, ер муносабатлари, қурилиш сифати, ноқонуний қурилишлар ва бошқа қатор йўналишлар бўйича мурожаатлар сонининг камайгани амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижаси сифатида баҳоланди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тизимига эса жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 28 минг 168 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 51 фоизга кўпдир. Мурожаатларнинг 92,2 фоизи қаноатлантирилган.
Таъкидланганидек, мурожаатларнинг асосий қисми маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари, ушбу хизматлар бўйича қарздорлик, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ҳамда дарахтларни муҳофаза қилиш масалаларига тўғри келмоқда. Мурожаатлар сонининг ортиши чиқиндиларни бошқариш тизими қамровининг кенгайиши, рақамли биллинг тизимларининг жорий этилиши, 24/7 режимида фаолият юритувчи Call-марказлар ишга туширилиши ҳамда аҳолининг мурожаат қилиш имкониятлари кенгайиши билан ҳам боғлиқ эканлиги айтилди.
Бугунги кунда вазирлик ва қўмитада мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий ёндашувлари жорий этилмоқда. Хусусан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида “Шаффоф қурилиш” мониторинг платформаси орқали мурожаатлар реал вақт режимида таҳлил қилиниб, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида эса мурожаатлар билан ишлашнинг ягона тартиби тасдиқланиб, Президент Халқ қабулхоналари билан ҳамкорлик кучайтирилди, масъул ходимларнинг малакасини ошириш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чоралар амалга оширилди.
Муҳокамаларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини барвақт бартараф этиш, муаммоларни ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди. Соҳага оид қонунчилик ижросини таъминлаш лозимлигига урғу берилди.
М.Комилова, ЎзА