Орол муаммоси бугунги кунда глобал масала сифатида дунё ҳамжамияти эътиборини тортмоқда. Инновацион ривожланиш агентлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда Орол денгизи тубида экотизимни тиклаш (ERAS-II) лойиҳасини амалга оширмоқда.
Лойиҳа бутун минтақа учун турли инновацион экиш технологиялари ва суғориш усулларини қўллаш, намойиш этиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни тиклаш ва агробизнесни ривожлантириш бўйича хусусий сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Мазкур лойиҳа доирасида "Оролбўйи экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди" мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Орол денгизи билан боғлиқ ўтмишдаги, ҳозирги ва истиқболдаги лойиҳа, ташаббусларни амалга ошириш бўйича маълумот ва тажриба алмашиш, экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича имкониятларни муҳокама этишдан иборат бўлди.
Тадбир доирасида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил технологияларни жорий этиш бўйича стартаплар, илмий ва тижорат лойиҳаларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Мазкур тадбир Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузурида Орол денгизи зонасини тиклаш соҳасида фаолият юритувчи турли ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам платформани ташкил этишни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди.
Платформа турли лойиҳалар, дастурлар ва ҳукумат саъй-ҳаракатлари ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш имкониятларини манбалар ва билим алмашиш орқали аниқлаш, Донорлар ҳамжамиятининг Орол денгизи зонасини тиклаш бўйича биргаликдаги ҳаракат мажбуриятларини тасдиқлашни кўзлайди.
Н.Усмонова,
ЎзА