Экологик ислоҳотлар янги босқичда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган яшил макон умуммиллий дастури бу борадаги энг йирик лойиҳалардан биридир.
Мазкур дастурнинг асосий мақсади – юртимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик вазиятни яхшилаш ва келгуси авлод учун соғлом табиий муҳит яратишдан иборат. Айниқса, иқлим ўзгариши, чўлланиш ва ҳаво ифлосланиши каби муаммолар тобора кучайиб бораётган бугунги кунда бундай ташаббуслар ҳаётий аҳамиятга эга.

Жорий йил баҳор мавсумида мамлакатимиз бўйлаб кўчат экиш ишларининг янги босқичи бошланди. Жумладан, Навоий вилоятида ҳам ўтказилаётган “Мен ҳам кўчат экаман” акцияси доирасида аҳоли, ёшлар, маҳалла фаоллари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Кармана туманидаги Сардоба маҳалласида 5 гектар майдонга 3,5 минг туп кўчат экилиши нафақат ҳудуд кўринишига, балки экологик барқарорликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Умуман олганда, вилоят бўйича 5,2 миллион дона кўчат экиш режалаштирилгани ислоҳотлар кўламининг қанчалик кенглигини намоён этади.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу ишлар фақат кўчат экиш билан чекланилмайди. Ҳар бир экилган ниҳолнинг парвариши, ўз вақтида суғорилиши ва сақлаб қолиниши устидан қатъий назорат ўрнатилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай экологик ислоҳотлар нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки аҳолининг экологик маданиятини ошириш, жамоатчиликни умумий мақсад атрофида бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Зеро, яшил макон бу фақат дарахтлар эмас, балки соғлом келажак, фаровон ҳаёт ва барқарор тараққиёт демакдир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири