Экологик барқарорликка эришишда экопартия депутатларининг ўрни бор(ми?)
Самарқандда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан “Ҳудуд тараққиёти ва экологик барқарорликка эришишда партия депутатларининг ўрни” мавзусида депутатлар форуми ўтказилди.
Форумда партия марказий кенгаши раҳбарияти, партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига сайланган депутатлар, фаоллар ва экология соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Дастлаб иштирокчилар халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши фаолияти билан яқиндан танишди.
Кенгаш раиси Ш.Негматов амалга оширилаётган ишлар, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳамда депутатлик назорати олиб бориш бўйича тўпланган тажриба ҳақида гапириб берди. Шунингдек, Кенгаш ва унинг доимий комиссиялари ишида Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатларнинг иштироки, партия депутатлик гуруҳининг фаолияти таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бугунги кунда экология муаммолари глобал масала эканлигини таъкидлади.
– Юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинаётган қонун ва ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар, давлат дастурлари, Президент фармон ва қарорлари ижросини таъминлашда партиямиз депутатлари фаоллик кўрсатиши, самарали депутатлик назоратини амалга оширишимиз зарур, – деди А.Ҳамзаев. – Албатта, ҳар бир депутат олдида партиямиз дастури ва сайловчилари талабидан келиб чиқиб, муайян вазифалар, мақсадлар бор. Уларни бажаришда фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган сафдошларимиз Самарқандда ҳам кўп. Форумда ана шундай депутатларимиз тажрибасини оммалаштириш ҳамда келгусида олдимизда турган масалалар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.
[gallery-30564]
Шундан сўнг форум иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Девори кўндаланг маҳалласида “еттилик” фаолияти билан танишиб, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди.
Партия етакчиси давлатимиз раҳбари томонидан маҳалла тизимини янги босқичга олиб чиқиш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини кучайтириш ва маҳаллани давлат ҳамда жамият ўртасидаги муҳим таянч бўғинга айлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклаётганини қайд этди. Шундан келиб чиқиб, аҳолининг депутатларга қандай талаблари борлиги, уларни қийнаётган масалаларга эътибор қаратилди. Хонадонлар ва кўча атрофларини ободонлаштириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, манзарали кўчатлар экишни рағбатлантириш, ҳудудларда санитария ва экологик тозаликни таъминлаш, чиқиндиларни тўғри бошқариш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Форум доирасида Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Самарқанд шаҳридаги Хўжа Аҳрор Валий маҳалласидаги Ориф Гулханий уй-музейида бўлиб, “Обод хонадон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Гулчилар сулоласининг учинчи авлоди бўлган Муқимжон Орифий ўз хонадонда кўп йиллардан буён йўқолиб бораётган гул ва ўсимлик турларини сақлаб қолиш, уларни кўпайтириш ҳамда кенг жамоатчилик орасида гулчиликни тарғиб этишга катта ҳисса қўшмоқда. Отахон ва унинг оила аъзолари жорий йилнинг ўзида 900 мингдан ортиқ ноёб дарахт, гул ва бута кўчатлари етиштириб, аҳоли ҳамда ташкилотларга етказиб берди. Ёш авлоднинг табиатга меҳрини ошириш мақсадида “Бир ёшга – 10 та гул” экологик акцияси ташкил этиб, таълим муассасаларига 5 минг дона гул кўчати тарқатди. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларга ҳам гул ва манзарали дарахт кўчатлари етказиб берилмоқда.
Партия томонидан ушбу хонадон аъзоларининг экологик ташаббуси эътироф этилиб, бундай ибратли тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенг оммалаштириш ва ноёб ўсимлик турларини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидланди.
Форум партия раҳбарияти ва фаоллар, депутатлар иштирокида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолият сарҳисобига бағишланган муҳокама билан давом этди.
Партия раҳбари маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига юклатилган масъулият ва уларнинг халқ манфаатларини таъминлашдаги ўрнига алоҳида тўхталди. Таъкидланганидек, депутатлик фаолияти сайловчилар билан мунтазам мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда уларнинг ечими юзасидан амалий ташаббуслар билан чиқишни талаб этади. Шунингдек, ҳудудларда мавжуд экологик муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш ҳар бир депутатнинг устувор вазифаларидан бири экани айтиб ўтилди.
– Самарқанд вилоятидаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан йил бошидан буён аҳоли билан 217 та учрашув ва очиқ мулоқот ташкил этилган, – деди Абдушукр Ҳамзаев. – Бу тадбирларда кўтарилган 262 та масаланинг 119 таси ижобий ҳал қилинган. Шу билан бирга, депутатлар томонидан 73 та депутатлик сўрови юборилган, Кенгашлар ва доимий комиссиялар муҳокамасига 95 та масала киритилган. Лекин бу борадаги ишларни янада жонлантириш нафақат депутатнинг ўз сайлов округи бўйича, балки бутун вилоятдаги экология билан боғлиқ масалаларга жиддий эътибор билан ёндашиш лозим.
Форумда эришилган натижалар билан бирга депутатлик назорати самарадорлигини янада ошириш, ижро интизомини кучайтириш, аҳоли мурожаатлари ва депутатлик сўровларининг ўз вақтида ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнггида фаол ва намунали фаолият олиб бораётган депутатлар эътироф этилиб, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашининг ташаккурномалари топширилди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари