Экологик барқарорлик ва маданият долзарб масала
Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ҳудудда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда партия олдига қўйилган устувор вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, партиянинг бош мақсади мамлакатнинг барқарор ривожига хизмат қилиш, экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш, бугунги ва келажак авлод учун соғлом ва қулай атроф-муҳитни шакллантиришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли тарғибот ва амалий ишлар олиб борилмоқда. Таълим муассасалари, давлат ташкилотлари ва маҳаллаларда экологик онг ҳамда маданиятни оширишга қаратилган ташаббуслар кенгайиб бормоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам эътибор марказида бўлди. Ҳудудларда барпо этилаётган “яшил боғлар”, экилаётган дарахт кўчатларининг парвариши ва суғорилиши устидан жамоатчилик назорати кучайтирилди. Ҳисобот даврида 25 дан ортиқ мониторинг тадбирлари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли чоралар кўрилди.

Тадбирда партиядан сайланган депутатларининг фаолияти ҳам таҳлил қилиниб, вилоят ҳамда туман (шаҳар) Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан долзарб масалалар мунтазам кўтариб борилаётгани эътироф этилди. Аҳоли мурожаатлари асосида юборилган 30 та депутатлик сўровининг аксарияти ижобий ҳал этилгани қайд этилди.
Ҳисобот даврида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик маданиятни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишлари янада фаоллашди. Жами 131 та тадбирда 4 мингдан ортиқ иштирокчи қамраб олинди. “Кўнгил экологияси” танлови, “Тоза муҳит – соғлом келажак” акцияси ҳамда “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” ташаббусларига кенг жамоатчилик жалб этилди.
Шу билан бирга, партия сафи кенгайтирилиб, жорий йилнинг биринчи чорагида 21 та янги бошланғич ташкилот тузилди ва мингдан ортиқ фуқаро партияга қабул қилинди.

Экологик назорат йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Ҳудудларда 100 дан ортиқ экорейдлар ташкил этилиб, чиқиндиларни бошқариш, оқова сувлар ва яшил ҳудудлар ҳолати ўрганилди ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар белгиланди.
Йиғилиш якунида келгуси устувор вазифалар белгилаб олиниб, экологик маданиятни юксалтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
А.Бўриев, ЎзА