«Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси ёшларнинг салоҳиятини намоён этиши учун янги имкониятлар очмоқда
Олий Мажлис Сенатида «Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларига бағишланган «Бизнинг ҳуқуқимиз, бизнинг овозимиз» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 350 нафар ёш экофаол бевосита, ҳудудий студиялар орқали эса яна 300 нафардан ортиқ йигит-қизлар ўз фикр ва таклифлари билан иштирок этди.
Сенат раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 9 декабрда мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган энг биринчи халқаро шартномалардан бири – БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилганини алоҳида эътироф этди.

– Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар, энг аввало, ёш авлоднинг ҳуқуқлари, муносиб ҳаёт кечириши, сифатли таълим олиши ва жамиятда ўз ўрнини топишига қаратилган барча зарур меъёрларни қамраб олган, - деди Т.Норбоева. – Яратилган бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, илм-фан, спорт ва маданият соҳаларида юксак натижаларга эришаётган фарзандларимиз кўп. Албатта, бу ютуқлар нафақат ота-оналарнинг саъй-ҳаракати, балки давлат томонидан яратилаётган шароитлар ва тизимли қўллаб-қувватлашнинг ёрқин самарасидир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур конвенцияда ҳам экология масаласига алоҳида урғу берилган. Зеро, инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун соғлом муҳит ва тоза ҳаво энг бирламчи омилдир.
Очиқ мулоқотда Сенат раиси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан экологик барқарорликни таъминлаш ва ёшларнинг экологик билимини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Хусусан, 2026 йил 10 - 11 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP31)да Президент Шавкат Мирзиёев сиёсат марказида ёш авлодга ғамхўрлик туришини таъкидлаб, «Дарахтдан ҳосил олмоқчи бўлсанг, ниҳоллигидан парвариш қил» деган халқ мақолини эслатиб ўтгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари белгилаб берганидек, экологик маданият оиладан бошланиб, маҳалла ва мактабда давом этиши, сувни тежаш, дарахтларни парваришлаш ва атроф-муҳитни тоза сақлаш кундалик ҳаёт тарзига айланиши зарур.

Тизимли ёндашув натижасида 2050 йилга қадар Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан уч қисмини табиатга йўналтирилган таълим билан қамраб олиш режалаштирилган.
Анталия саммити доирасида «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева «Нол чиқинди» (Zero Waste) Глобал алянси йиғилишида экологик таълимни ривожлантириш ва ёшларнинг экологик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиққани, Ўзбекистон миллий павильонида «Eco-Schools Uzbekistan» таълим тизими тақдим этилгани эътироф этилди.
Бундан ташқари, Президент қарори асосида йўлга қўйилган «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини намоён этиши учун янги имкониятлар очаётгани таъкидланди.
Учрашув давомида ёшларнинг экологик таълим, стартаплар ва жамоатчилик назоратидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ғоя ва таклифларини амалий лойиҳаларга айлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ёш экофаоллар йил давомида амалга оширган ишлари, экологик лойиҳалари ҳамда COP31 иқлим конференциясида иштирок этиш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Мулоқотнинг яна бир муҳим қисми – Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 37-сонли мактаб ўқувчилари билан ташкил этилган телемост бўлди. Унда мактаб жамоасининг халқаро «Eco-Schools» дастуридаги иштироки ва эришган натижалари намойиш этилди. Телемост давомида ўқувчилар мактаб ҳудудида халқаро дастурнинг энг юқори эътирофи ҳисобланган «Яшил байроқ»ни кўтариш маросимида иштирок этди.
Айтиб ўтиш керакки, мазкур мулоқот давомида ёшларнинг атроф-муҳит мусаффолигига қўшаётган ҳиссаси эътироф этилиши билан бир қаторда ушбу йўналишда улар ташаббуслар билан чиқиши мумкинлиги, уларни депутатлар орқали, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти орқали тақдим этиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Бундай самарали ҳамкорлик, ҳаётга теран нигоҳ билан назар солаётган фарзандларимизни эшитиш, уларга имкон бериш – экологик соҳада атроф-муҳитни соғломлаштиришга, ҳаётда эса интилувчан ва ташаббускор инсон тарбиясига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА