Ўзбекистон – Иордания: ишончли мулоқотдан аниқ иқтисодий натижалар сари
Бир йил аввал Самарқандда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилган эди. Ўтган давр мобайнида икки томонлама сиёсий мулоқот фаоллашиб, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамда Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23-24 ноябрь кунлари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига амалга ошираётган давлат ташрифи мавжуд сиёсий ишонч ва эришилган келишувларни савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда саноат кооперацияси йўналишларидаги аниқ амалий натижаларга айлантиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил 28 декабрда тан олган. Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган бўлиб, 1994 йилда Тошкент шаҳрида Иордания элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Кейинги йилларда томонлар савдо, ҳаво қатнови, солиқ ва божхона соҳаларидаги ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатларни имзоладилар.
Давлатлараро сиёсий мулоқот ҳам босқичма-босқич ривожланиб борди. Хусусан, 2018 йилда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисида баённома қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида 2019 йил сентябрь ойида Аммон шаҳрида илк сиёсий маслаҳатлашувлар ташкил этилди. 2023 йилда эса икки давлат раҳбарлари дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзаро қутлов мактублари алмашдилар.
Ўзаро алоқалар 2025 йилда янги босқичга кўтарилиб, янада фаоллашди. Жумладан, февраль ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация Иорданияга ташриф буюрди. Делегацияни Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн қабул қилди. Ташриф доирасида ҳукумат аъзолари, қатор вазирликлар ҳамда йирик компаниялар вакиллари билан самарали учрашувлар ўтказилди. Ўша йилнинг август ойида эса Иордания Подшоҳи давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ва 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Ушбу келишувлар инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, Ҳукуматлараро қўшма комиссия тузиш, визасиз сафарларни йўлга қўйиш, туризм, олий таълим, илмий тадқиқотлар ва қишлоқ хўжалиги каби устувор соҳаларни қамраб олди. Бундан ташқари, божхона идоралари ўртасида товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати тўғрисида олдиндан электрон маълумот алмашиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Кейинги мулоқотларда эришилган ушбу келишувларнинг амалий ижроси муҳокама қилинди. 2025 йил сентябрь ойида Аммонда сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи давраси ўтказилиб, мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. 2026 йилда парламентлараро алоқалар ҳам сезиларли даражада кенгайди. Январь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Иордания парламенти билан ҳамкорлик гуруҳи ташкил этилди. Февраль ойида эса Иордания Сенати Раиси бошчилигидаги делегация Тошкентга ташриф буюрди ва музокаралар якунида икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Жорий йил 6 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриантлар ишлари бўйича вазири Айман ас-Сафадийни қабул қилди. 7 октябрда эса Тошкент шаҳрида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи давраси бўлиб ўтди.
Бугунги кунда давлатлараро мулоқот олий раҳбарият, парламентлар, вазирликлар ва тармоқ идоралари даражасида изчил давом этмоқда. Икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 26 та ҳужжат ташкил этади. Сиёсий алоқалар фаоллашуви баробарида савдо-иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ижобий суръатлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 8,5 миллион долларни ташкил этди. Шундан 5,4 миллион доллари экспорт, 3,1 миллион доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келди.
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 4,8 миллион долларга етди. Бунда мамлакатимиздан Иорданияга 2,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, импорт ҳажми 2,5 миллион долларни ташкил этди.
Ўзбекистон экспорти таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари асосий ўрин тутади, Иорданиядан эса, асосан, кимё саноати маҳсулотлари импорт қилинади. Бу ҳолат ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш учун ҳали фойдаланилмаган катта салоҳият мавжудлигини кўрсатади. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади: 1996 йилдаёқ Тошкентда Иордания компаниялари маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилган, кейинчалик савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланган. Сўнгги йилларда эса бу мулоқот янги амалий мазмун билан бойимоқда. Жумладан, 2025 йил сентябрь ойида Аммонда Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари иштирокида бизнес-форум ташкил этилиб, унда маҳаллий маҳсулотларни Иордания бозорига олиб чиқиш ва саноат кооперациясини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Фармацевтика тармоғида ҳам истиқболли музокаралар олиб борилмоқда. 2025 йил сентябрда Иорданиянинг етакчи “Dar Al-Dawa Development & Investment” компанияси раҳбарияти Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимизда дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганди. Шу йил 30 сентябрь куни эса икки мамлакатнинг инвестиция соҳасига масъул вазирликлари вакиллари Аммонда учрашдилар. Музокаралар якунида олий даражадаги келишувлар ижросини тизимли мувофиқлаштириб бориш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида баённома имзоланди.
Иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантиришда транспорт-логистика масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон ва Иордания ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги дастлабки битим 1996 йилда имзоланган эди. 2025 йил август ойида мазкур ҳужжатга ўзгартириш киритиш бўйича баённома қабул қилинди. Шу асосда 2026 йил 30 июндан бошлаб “Royal Jordanian Airlines” авиакомпанияси Аммон ва Тошкент ўртасида мунтазам парвозларни йўлга қўйди. Ҳафтасига икки марта амалга оширилаётган тўғридан-тўғри авиақатновлар ишбилармонлар, сайёҳлар ва мутахассисларнинг ўзаро борди-келдисини сезиларли даражада енгиллаштириб, савдо ва туризм алоқалари ривожига янги суръат бағишламоқда.
Туризм соҳасида ҳам мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий замин яратилган. 2025 йил августда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида тегишли битим имзоланган бўлса, ноябрь ойида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури тасдиқланди. Бу борада ҳар икки давлат улкан салоҳиятга эга, Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива каби бетакрор тарихий шаҳарлари билан дунёга машҳур бўлса, Иордания ўзининг Петра ва Аммон каби қадимий меъморий обидалари билан сайёҳларни ўзига жалб этади. Шу нуқтаи назардан, маданий-тарихий ва зиёрат туризми ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг энг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади.
Икки халқ ўртасидаги азалий тарихий-маданий ришталар Иордания заминида бугун ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, пойтахт Аммон шаҳрида Самарқанд ва Имом Бухорий номидаги кўчалар, Имом ат-Термизий масжиди мавжуд. Шаҳарнинг қадимий қисмида жойлашган “Ал-Бухория” бозори ҳам муқаддас Бухоро номи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, тарихий манбаларда унинг шаклланишида бухоролик савдогарлар фаол иштирок этгани қайд этилган. Бундан ташқари, Аммонда буюк аллома Ибн Сино номидаги тиббиёт фанлари университети фаолият юритмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар бугунги кунда юқори даражадаги сиёсий мулоқот билан бирга савдо, инвестиция ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ҳам тўлиқ қамраб олмоқда. Айни пайтда асосий эътибор эришилган келишувларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, ўзаро товар айирбошлаш номенклатурасини кенгайтириш ҳамда саноат кооперациясини йўлга қўйишга қаратилмоқда. Бу жараён, шубҳасиз, икки мамлакат ўртасидаги шериклик алоқаларини аниқ иқтисодий лойиҳалар ва амалий натижалар билан янада бойитишга хизмат қилади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири