ЕИ янги Хавфсизлик кенгаши тузмоқчи
Европа Иттифоқи дрон ҳужуми, кибер жиноят ва стратегик инфратузилмага қаратилган қўпорувчилик каби таҳдидларга тезкор жавоб бериш учун Европа Хавфсизлик кенгашини ташкил этиш таклифи илгари сурди. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен сентябрь ойида ошкор қилган мазкур ташаббус доирасида ЕИ давлатлари раҳбарлари Буюк Британия, Норвегия, Украина, Канада каби ҳамкорлар билан хавфсизлик масаласини мувофиқлаштириши кутиляпти.
Янги механизм кўҳна қитъа мамлакатларига нисбатан юзага келаётган таҳдидни биргаликда муҳокама қилиш, умумий чораларни келишиш ва зарур ҳолларда тезкор ҳаракат қилиш имконини беради. Режада кибер хавфсизлик, ҳаво мудофааси ва коинот тизими бўйича ҳамкорликни кучайтириш ҳам кўзда тутилган. Айрим давлатлар ва расмийлар бундай кенгаш НАТОнинг мавжуд вазифаларини такрорлашидан хавотир билдирган. ЕК эса янги тузилма Шимолий Атлантика альянси ўрнини эгалламаслиги, балки тўлдиришини таъкидлаяпти.
Ушбу ташаббусга эҳтиёж Қора денгиздаги хавфсизлик билан боғлиқ воқеалар асносида муҳокама қилиняпти: ўтган ҳафта Болгариянинг Қора денгиздаги иқтисодий ҳудудида икки тижорат кемасига дрон ҳужум қилгани, бир кема чўккани ва экипаж аъзоларидан бири йўқолгани хабар қилинди. Янги кенгаш Европа давлатлари мудофаа салоҳиятини мувофиқлаштиришга ёрдам берадими ёки НАТО билан ҳамкорликда қўшимча мураккаблик келтириб чиқарадими – бу масала ҳали очиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА