ЕИ Хитойга бўлган иқтисодий қарамликни камайтирмоқчи
Европа Иттифоқи ХХРга бўлган иқтисодий қарамликни камайтириш мақсадида янги қоидалар устида иш олиб бормоқда.
Янги режага кўра, Европа компаниялари энг муҳим бутловчи қисмларни фақат битта давлатдан эмас, балки камида учта турли ҳамкордан сотиб олишга мажбур бўлади. Мазкур чекловлар, биринчи навбатда, кимё саноати ва машинасозлик соҳасидаги корхоналарга тааллуқли бўлади. Янги қонунга мувофиқ, компаниялар зарур маҳсулотларнинг фақат 30–40 фоизини битта етказиб берувчидан харид қилиши мумкин.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг савдо комиссари Марош Шефчович Хитойдан келадиган кимёвий маҳсулотлар ва ускуналарга нисбатан янги божхона тўловларини жорий этишни таклиф қилмоқда. Бундан мақсад — Европанинг Хитой билан савдодаги кунлик 1 миллиард евролик (1,16 миллиард доллар) зарарини камайтириш ҳамда европалик ишлаб чиқарувчиларни Пекиннинг иқтисодий босимидан ҳимоя қилишдир.
Маълумот учун, ўтган ойда Марош Шефчович АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан муҳим фойдали қазилмаларни хавфсиз етказиб бериш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди. Ушбу келишув ҳам юқори технологиялар бозорида Хитойнинг таъсирини камайтиришга қаратилган.
Нашрнинг ёзишича, мазкур янги режа жорий йилнинг 29 май куни Европа Комиссияси йиғилишида кўриб чиқилади ва июнь ойи охирида ЕИ раҳбарлари томонидан расман маъқулланиши мумкин.
Ф.Яхшибоева, ЎзА