Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили барча соҳаларда, хусусан мактаб ва мактабгача таълим тизимида ҳам ўзининг ёрқин самарасини бермоқда.
Наманган вилоятининг Поп тумани Мустақиллик маҳалласида тадбиркор Севара Миравазова томонидан водийда илк бор ижтимоий муҳофаза йўналишида ташкил этилган янги нодавлат оилавий болалар боғчаси кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларига бепул таълим-тарбия беришни бошлади.

“Миттивойлар” деб номланган хусусий мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросимида қатнашган туман ҳокимлиги, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси, мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари ҳамда нуронийлар ушбу ташаббус алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, саховатпеша ишбилармоннинг кичкинтойлар келажагини ўйлаб амалга оширган савобли иши эътирофга молик. Давлат томонидан тегишли тартибда қўллаб-қувватланадиган янги муассасада жажжиларнинг ибратли тарбия топиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
Маълумот ўрнида, Поп туманида эҳтиёжманд оилаларнинг 549 боладан 277 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган бўлиб, боғчаларга имтиёзли тўлов асосида қатнамоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА