Эҳтиёжманд аҳолига ссуда асосида 2 минг 711 та асбоб-ускуна берилди
Камбағалликдан фаровонлик сари дастури амалда
Сурхондарё вилоятида ижтимоий реестрга киритилган 2 минг 300 фуқарога ссуда асосида тикувчилик, хизматлар кўрсатиш, ҳунармандлик ва ишлаб чиқариш каби соҳаларда тадбиркорлик билан шуғулланиши, ўзини-ўзи банд қилиши учун зарур турли жиҳоз ва асбоб-ускуна топширилди.
Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаб, ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни камбағалликдан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил 440 минг аҳоли бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси 5,6 фоиздан 4,9 фоизга туширилди. 16 минг 800 нафар ногиронлиги бўлган шахс ва меҳнат бозорига янги кириб келган 16 минг 600 битирувчи ишли бўлди. Бу йил 67 минг кишини иш билан таъминлаб, ишсизлик даражасини 4 фоизга тушириш режалаштирилган.
Йил давомида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 60 минг оиланинг 274 мингдан ортиқ аъзоси камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 9,3 фоиздан 4,5 фоизга туширилди. Жорий йил воҳанинг камбағаллик даражаси 2,8 фоизга тушади. Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳри ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланади.
Тадбир доирасида туманлар ва Термиз шаҳрида яшайдиган 2 минг 318 нафар фуқаро 2 минг 711 та жиҳоз ва асбоб-ускунани ссуда асосида қабул қилиб олди.
Вилоятнинг Шўрчи туманида тўрт мингдан ортиқ фуқаро ижтимоий реестр рўйхатига киритилган. Тадбирда уларнинг 80 нафари компьютер жамланмаси, тикув машинаси, мотокультиватор, уч ғилдиракли мотороллер ва бошқа замонавий жиҳоз ҳамда асбоб-ускуналарга эга бўлди.
Туманнинг Ҳайрабод маҳалласида яшайдиган Муҳайё Қаюмовада аҳолига компьютер хизматлари кўрсатишга қизиқиш уйғонган. Унинг бу ишини йўлга қўйиши учун замонавий компьютер жамланмаси берилди. Бу эътибор М. Қаюмованинг ахборот технологияларидан самарали фойдаланишида жуда қўл келади.

– Эндиликда замонавий ахборот технологиясидан фойдаланиб, билим ва кўникмаларимни ошираман, – дейди Муҳайё Қаюмова. – Менга ссуда асосида топширилган компьютер тўплами мустақил фаолият юритиб, ўз ишимни йўлга қўйишимда муҳим қадам бўлди.

Шўрчи туманида камбағалликни қисқартириш йўналишида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мазкур кўрсаткич ўтган йил бошидаги 8,5 фоиздан 3,5 фоизга туширилди. Жорий йилда камбағаллик даражасини 2-2,5 фоизгача камайтириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун ижтимоий реестрдаги аҳоли қўллаб-қувватланиб, бандлигини таъминлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги каби тармоқларда янги иш ўринлари яратилаётир. Масалан, туманнинг Кўклам маҳалласида етти гектар майдонда барпо этилаётган кооперация усулидаги иссиқхонага 17 минг туп банан кўчати экилмоқда. Унда 30 дан ортиқ деҳқон хўжалиги банан парваришлайди. Бу ерда ҳам ижтимоий реестрдаги аҳоли меҳнат қилиб, йилига 1 минг 500 тонна ҳосил олишни кўзда тутмоқда.


Туманда кичик банан плантацияларини ташкил этиб, мўл ҳосил олиш синовдан ўтган. 50 дан ортиқ томорқада шу турдаги маҳсулот етиштирилиб, салмоқли даромад олинмоқда. Деҳқонларнинг айтишича, бананчилик жуда кам харажат, кўп даромадли бизнес. Бир сотих иссиқхона ташкил этиш ўртача 9 миллион сўмга тушади. Бу ерда 25 туп банан кўчати парваришласа, қисқа вақтда мева бера бошлайди. Йилига бир туп банандан икки-уч марта 25-30 килограммдан ҳосил олиб, 60 миллион сўмгача даромад қилса бўлади.

Эҳтиёжманд оилаларга топширилган асбоб-ускуналар ҳам шу тоифадаги аҳоли бандлигини таъминлаб, оилалар даромадини ошириш, кичик тадбиркорликни ривожлантириш орқали ижтимоий реестрдаги оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилгани аҳамиятлидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири