Муносабат

Муҳтарам Президентимизнинг инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳурмат қилиш, кексаларни эъзозлаш, меҳр кўрсатиш, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган сиёсати, халқимизнинг азалий қадриятларига содиқ равишда амалга ошираётган инсонпарвар ислоҳотлари бугун мамлакатнинг ҳар бир оиласи, хонадонига кириб борди.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки миллат нуронийлари, кекса авлод вакиллари – шу юртнинг бебаҳо бойлиги, унинг келажагига йўл кўрсатувчи маёқдир. Уларнинг бой ҳаётий тажрибаси, доно маслаҳатлари, фидокорона меҳнати ёш авлод учун ўз ўрнида ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Эътироф этиш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кексаларнинг муносиб турмуш шароитини яратиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, фаол ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар нафақат кексаларнинг турмуш даражасини яхшилашга, балки жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 февралдаги фармонига мувофиқ, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда 1941-1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларини моддий рағбатлантириш мақсадида бир марталик пул мукофоти белгиланди.
Фармонга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 10 000 АҚШ доллари миқдорида;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига 25 000 000 сўм миқдорида;
1941-1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига 3 000 000 сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилиши белгиланди.
Эндиликда ушбу фармон ижроси доирасидаги ишлар ёш авлод кўз ўнгида амалга оширилар экан, улар бу мамлакатда инсон хотираси азизлиги, мардлик ва жасорат абадий унутилмаслиги, қаҳрамонлик, ватанпарварлик муносиб қадрланишини гувоҳи бўлиб улғаяди, ўрганади. Бугунги кунда сафимизда юрган, ўша оғир даврни бошдан кечирган, мардлик, фидоийлик тимсолига айланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари бор экан, жасорат мактаби тарбияда давом этади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу эҳтироми моҳиятида биз – Ватанни севиш, уни ардоқлаш, тинч-осойишта кунлар ҳикматини янада чуқурроқ англаб борамиз.
Дарҳақиқат, замонлар ўтиб, асрлар алмашиб, инсоният тарихининг буюк саҳифаларидан бири бўлган Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли хотиралари ҳам унутила бошлагандек. Аммо урушнинг маънавий йўқотишлари инсонлар қалбида ўчмас доғ қолдиргани ҳақиқат. Бу доғ инсонлар орасига нафрат, адоват, қасос, шафқатсизлик уруғини сочди. Келажакнинг эзгуликка, яхшиликка бўлган ишончини сўндириб, унинг руҳини яралади. Уруш одамларни бир-бирига нисбатан шафқатсиз, бераҳм бўлишга ўргатди.
Аммо миллий қадриятларимиз, доно тарихимиз ва инсонпарвар раҳбаримиз бор экан, ёшлар кекса авлодга талпинаверади, хотиралар юракларда эъзозланаверади, меҳр-муҳаббат ва оқибат тотув яшайверади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони эса Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлашга, жамиятда катта авлодга ҳурмат ва эътиборни кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Кексаларимиз – бу ўтмиш ва келажак ўртасидаги тирик кўприкдир. Уларни эъзозлаш нафақат инсоний бурч, балки жамият ривожининг муҳим шартидир. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар ана шу ҳақиқатни яна бир бор исботламоқда.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори.
ЎзА