ЕХҲТ молиявий жиноятларга қарши курашишда глобал ҳамкорликни қўллаб-қувватламоқда
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан Самарқанд шаҳрида Глобал тармоқ котибиятларининг йиғилиши ўтказилганини қўллаб-қувватлади.
Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва институционал самарадорликни ошириш мақсадида ташкил этилган йиғилишда Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (FATF) ва унинг минтақавий тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ва миллий механизмларни халқаро стандартлар билан мувофиқлаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда борасидаги глобал саъй-ҳаракатлардаги иштироки тобора ортаётганини кўрсатди.

Уч кун давомида иштирокчилар ўзаро баҳолаш жараёнларини такомиллаштириш, институционал самарадорликни ошириш ва минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқди. Мувофиқликни ошириш, маъмурий юкламани камайтириш ва самарали ташаббусларни кенгроқ татбиқ этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
– Мутахассисларни айнан шу форматда бирлаштириш умумий тамойилларни амалий ечимларга айлантириш имконини беради, – дейди ЕХҲтнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офисининг катта лойиҳа ходими Силке Кловер. – Молиявий жиноятлар тобора мураккаб ва трансчегаравий тус олаётган шароитда уларга қарши муросасиз курашишда ўзаро яқин ҳамкорлик ҳамда институтларнинг самарали фаолият юритиши муҳим аҳамият касб этади.

Кўп йиллар давомида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан яқин ҳамкорликда миллий органлар ва FATF ўртасида алоқалар ўрнатилишига кўмаклашиб, республиканинг глобал молиявий бошқарув тизимидаги иштирокини қўллаб-қувватламоқда. Шу тариқа, ташкилот минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича илғор тажриба алмашинувини рағбатлантириш, шунингдек самарали иқтисодий бошқарув ва ҳалоллик тамойилларини илгари суришга ҳисса қўшмоқда.
Тадбир тегишли жараёнларни соддалаштириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда молиявий жиноятларга қарши янада самарали жамоавий чоралар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
ЎзА