Маълумки шу кунларда пойтахтимиз яна бир нуфузли халқаро кўргазмага мезбонлик қилмоқда. “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар мажмуасида “Eco Expo Central Asia 2025” халқаро экологик технологиялар кўргазмасининг иккинчи иш куни ҳам иштирокчиларга қатор янгиликларни тақдим этди.
Кўргазманинг асосий ғояси бўлган экологик технологиялар намойиши ва шу соҳада фаолият олиб бораётган олимлар, илмий тадқиқотчиларимизнинг лойиҳалари учун кенг майдон яратилгани ҳар бир ишлаб чиқариш субъекти учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишга қаратилган илмий, техник ҳамда инновацион ютуқларни ўзларида мужассам этишлари учун қулай платформани юзага келтирди.
Кўргазмада илғор “яшил” технологиялар, чиқиндиларни бошқариш, сув ресурсларини тежаш ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларидаги энг яхши ечимлар намойиш қилинмоқда. Унда энергияни тежайдиган, чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган, сув ва ҳавони тозалайдиган замонавий ускуналарга катта қизиқиш билдирилди.
Айниқса халқаро ташкилотлар кўмагида стартап лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган “Эко-Cаноат парклари” тақдимоти кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Сабаби ташкил этиладиган саноат паркларининг қулайлиги бундай зоналарда фаолият юритаётган корхоналар учун ресурс тежамкор ва иқтисодий жиҳатдан самарали бўлган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, инвестициялар жалб қилишга замин бўлади.
Германия Федерал ҳукумати томонидан (Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH) молиялаштирилган Ўзбекистоннинг яшил саноатлаштиришга бағишланган лойиҳа доирасида ЮНИДО танлаб олган иккита пилот майдонда Экологик саноат паркларини (EIP) ривожлантириш ишлари келганларга намойиш қилинди. Шу ернинг ўзида журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди.
- Ҳамкорларимиз Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ЮНИДО халқаро ташкилоти билан пилот лойиҳа амалга оширилмоқдамиз, - дейди GIZ лойиҳалари менежери Игорь Ерёменко. - Бу орқали 2та саноат парки ривожлантирилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 20 дан ортиқ эркин иқтисодий ва 200 га яқин кичик саноат зоналари мавжуд бўлиб, мақсадимиз уларда саноат паркларини ташкил этиш. Ҳозирда Ургут ЭИЗда ва Фарғонадаги кичик саноат зонасида пилот лойиҳаларимиз бор. Мақсадимиз ушбу ҳудудлардаги ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот тайёрлашларида ва экологик талабларни бажаришларида ўз фаолиятларини кўриб чиқишларига кўмаклашиш, маслаҳат бериш. Зеро, маҳсулот қанчалик экологик талабларга жавоб берса, корхонанинг молиявий барқарорлиги ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Натижада бу омил экспорт салоҳиятини оширишга ҳам ёрдам беради.
Албатта бундай мулоқотлар компанияларнинг “яшил” саноатлаштириш бўйича хабардорлигини оширади ва тижорий хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг ролини кучайтиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8nyyeTZ72U8" title="“Eco Expo Central Asia 2025” ko‘rgazmasida yangi loyihalar taqdimoti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА