«ЕЧЛ 2-тури: мухлислар эътибори Ҳусанов ва Раҳмоналиев иштирокидаги баҳсларда
Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг умумий босқичи иккинчи учрашувлари 13–15 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, бугун Тошкент вақти билан соат 21:45 да «Ланс» — «ПСВ» ҳамда «Сабаҳ» — «Славия Прага» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Ушбу учрашувлар орасида ўзбек футбол мухлислари учун «Сабаҳ» — «Славия Прага» баҳси алоҳида аҳамиятга эга. Боиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Умарали Раҳмоналиев Озарбайжон клуби сафида тўп суради. Боку шаҳридаги «Олимпия» стадионида ўтадиган учрашувда ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун кураш олиб бориши кутилмоқда. Илк турдаги мағлубиятдан кейин навбатдаги баҳсда очко жамғариш ҳар икки клуб учун муҳим аҳамият касб этади.
Ўз мухлислари қаршисида майдонга тушадиган «Сабаҳ» рақибига муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилади. Ўзбекистонлик футбол мухлислари эса Умарали Раҳмоналиевнинг майдонга тушиши ва жамоаси натижасига ҳисса қўшишини интиқлик билан кутмоқда.

Европа чемпионлар лигасиниг 2-туридан ўрин олган «Галатасарой» — «Барселона», «РБ Лейпциг» — «ПСВ», «Арсенал» — «Лилль», «Атлетико Мадрид» — «Манчестер Юнайтед», «Вильярреал» — «Наполи», «Викинг» — «Бавария», «Интер» — «Брюгге» учрашувлари 14 откбряга ўтар кечаси соат 00:00 да старт олади.
Дарвоқе, эртанги учрашувлар давоми соат 21:45 да «ЛАСК» — «Ливерпуль» ва «Фейеноорд» — «Комо» жамоалар баҳси билан якунланади. 15 октябрь куни эса «Шахтёр» — «АЕК», «Бетис» — «Порту», «Рома» — «Реал Мадрид», «Слован Братислава» — «Штутгарт», «Астон Вилла» — «Фенербаҳче», «Манчестер Сити» — «ПСЖ» ва «Будё/Глимт» — «Боруссия Дортмунд» жамоалари тўқнашуви кутилганидек, соат 00:00 да бошланади.
Маълумот учун, 2-тур учрашувларидаги кўрсатилган вақтлар мамлакатимиз ҳудудига тегишли.
Европа футболида ҳафтанинг энг кўп кутилган учрашувларидан бири «Манчестер Сити» ўз майдонида амалдаги Чемпионлар лигаси ғолиби «ПСЖ»ни қабул қилади. Ушбу баҳс нафақат икки кучли клуб мухлислари, балки ўзбек футбол ишқибозлари учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Боиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга тушиши кутилмоқда.
«Этиҳад» стадионида Тошкент вақти билан 15 октябрга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланадиган учрашувда Абдуқодир Ҳусановга ҳам катта эътибор қаратилади. Унинг Европанинг энг кучли ҳужумчиларига қарши ҳаракатлари ўзбек мухлислари учун қизиқарли кузатув бўлади. Албатта, футболчининг асосий таркибда майдонга тушиши бош мураббийнинг қарорига боғлиқ.
«Манчестер Сити» мавсумни муваффақиятли бошлаган ва «Ливерпуль» майдонида 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ушбу баҳсга юқори кайфиятда етиб келмоқда. Бироқ Париж клуби ҳам ўз мақсадлари йўлида осонликча ён бермайди. Қолаверса, «ПСЖ» сўнгги икки мавсумда Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан жамоа сифатида майдонга тушади.

Ўтган мавсумда Парижда кечган ўзаро баҳсда «Манчестер Сити» 2:0 ҳисобида олдинга чиққанига қарамай, «ПСЖ» иродали ғалабага эришган — 4:2. Бу сафар эса ўзбек футбол мухлисларини Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга тушиши мумкинлиги қизиқтирмоқда. Агар ҳимоячимиз ўйинда иштирок этса, унинг Европанинг кучли клубларидан бирига қарши ҳаракатлари алоҳида эътибор марказида бўлади
Ўзбек мухлислари учун энг муҳими — Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга тушиши ва жамоаси ҳимоясида ишончли ўйин кўрсатишидир. Энди барча эътибор «Этиҳад»даги юлдузлар тўқнашувига қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи тури якунларига кўра, «ПСЖ», «Бавария» ва «Барселона» клублари йирик ҳисобдаги ғалабалари эвазига кучли учликдан жой олган. Қолаверса, «Манчестер Юнайтед», «Комо», «Спортинг», «Штутгарт», «Манчестер Сити», «Астон Вилла», «Бетис», «Ланс», «Боруссия Дортмунд», «Ливерпуль», «Реал Мадрид», «Арсенал» ва «АЕК» клублари ҳам 3 очкодан жамғарган. Улар тўплар нисбатига кўра 4–16-поғоналарни эгаллади.
Жадвалнинг 17–20-ўринларидан эса бир очкога эга «Шахтёр», «Рома», «Фенербаҳче» ва «ПСВ» клублари бормоқда. Шунингдек, «Вильярреал», «Брюгге», «Лилль», «Славия Прага», «Интер», «Атлетико Мадрид», «Наполи», «ЛАСК», «Викинг», «Галатасарой», «Порту», «РБ Лейпциг», «Фейеноорд», «Сабаҳ», «Слован Братислава» ва «Будё/Глимт» жамоалари биринчи турдаги мағлубиятлари эвазига 21–36-ўринларни эгаллаган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА