Қозоғистоннинг Актау шаҳрида дзюдо бўйича Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) тақвимидан ўрин олган “Aktau Asian Judo Open” турнирининг иккинчи кунида ҳам полвонларимиз муваффақиятли иштирок этиб, 3 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.
Жумладан, нуфузли турнирда Шинар Ибраева (-78 кг), Эрназар Сарсенбоев (-100 кг), Муҳаммадқодир Мансуров (+100 кг) каби дзюдочиларимиз барча рақибларини таслим этиб, олтин медалга эга чиққан бўлса, Зуфарбек Оролов(+100) кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Ширинжон Йўлдошева (-70 кг), Улуғбек Ўроқов (-90 кг), Дурдона Низомаддинова (+78 кг) ва Абдулла Худоёров (+100 кг) ўз вазн тоифаларида бронза медали билан тақдирланди.

Шу тариқа, дунёнинг ўнта давлати вакиллари иштирокида ўтган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 3 та кумуш, 8 та бронза, жами 16 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Қозоғистон терма жамоаси 4 та олтин, 5 та кумуш, 15 та бронза медали билан иккинчи ўриндан жой олган бўлса, 3 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза медалига эга чиққан озарбайжонлик дзюдочилар кучли учликни якунлаб берди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА