Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги ўтган “Almaty Cadets Asian Cups 2025” мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 29 та медаллар шодасига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Икки кунлик шиддатли беллашувларда терма жамоамиз аъзолари 9 давлатнинг 500 нафарга яқин дзюдочилари қаторида совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Хуршид Султонов, Дилшод Каримов, Алина Колючева, Гулмира Холмирзаева, Зарина Бобоназарова, Даулет Турдияров, Камронбек Қодиров, Алибек Дурдиев олтин медалларни қўлга киритди. Уларнинг ғалабаси шарафига Олмаотада Ўзбекистон байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янгради.

8 та олтин, 10 та кумуш, 11 та бронза медалига сазовор бўлган ўзбекистонлик ёш дзюдочилар умумжамоада 1-ўринни эгаллаган бўлса, Қозоғистон терма жамоаси 5 та олтин, 4 та кумуш, 12 та бронза медали билан иккинчи, 2 та олтин медалли бўлган Мўғулистон вакиллари 3-поғонани банд этди.

Шу ўринда айтиш лозим, “Almaty Cadets Asian Cups 2025” турнирида умумий ҳисобда 48 та медаллар жамланмаси учун баҳслар ўтказилгани, мамлакатимизнинг маҳоратли ёш дзюдочилари мазкур медаллар жамланмасининг 29 тасига эга чиққани эътиборли бўлди.

Бу, юртимизда ватанимиз шарафини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қиладиган истеъдодли ёшларнинг янги авлоди камолга етаётганини кўрсатди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА