Дзюдо: Диёра Келдиёрова Абу-Даби турнирида қатнашади
Эртага, 29 октябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича бошланадиган “Abu Dhabi Grand Slam 2026” халқаро турнирида маҳоратли спортчимиз Диёра Келдиёрова иштирок этади.
Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони Диёра Келдиёрова учун йилнинг иккинчи нуфузли мусобақаси саналган ушбу турнирда “Лос-Анжелес-2028” олимпиадасининг муҳим рейтинг очколари ўйналади.

Мазкур нуфузли мусобақада 60 та давлатнинг 395 нафар дзюдочилари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 14 нафар аъзоси ўз вазн тоифаларида совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Халқаро турнирда мамлакатимиз дзюдочиларидан Камолиддин Бахтиёров, Дилшодбек Ҳамроев, Замахшарий Бекмуродов, Шаҳзодхўжа Шарипов, Умар Бозоров ва Тўлқинбек Турдиев эркаклар баҳсида, дзюдочи қизларимиздан Улбисин Ҳакимова, Сита Қадамбоева, Диёра Келдиёрова, Хуршида Раззоқбердиева, Ширинжон Йўлдошова, Барчиной Қодирова, Ирисхон Қурбонбоева Абу-Даби татамиларида кураш олиб боради.

Бугун, 28 октябрь куни “Abu Dhabi Grand Slam 2026” халқаро турнирининг мандат комиссияси йиғилиши ҳамда қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.
Халқаро турнир дастурига биноан эртага эркаклар ўртасидаги -60 ва -66 килограмм, аёллар ўртасидаги -48, -52 ва -57 килограмм вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Абу-Даби турнирининг биринчи кунги мусобақаларида терма жамоамиз аъзоларидан Камолиддин Бахтиёров, Дилшодбек Ҳамроев, Улбисин Ҳакимова, Сита Қадамбоева, Диёра Келдиёрова ўз имкониятини синовдан ўтказади.
Халқаро турнир мусобақалари 31 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА