Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Экспертлар форумининг ХVIII йиғилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов иштирокчилар эътиборини давлатимиз раҳбари томонидан ШҲТнинг Самарқанд саммитида илгари сурилган ташаббусларни тезкор амалга ошириш муҳимлигига қаратди.
Мутахассис ўзаро савдони янада кенгайтириш лозимлигига урғу бераркан, жумладан, "Саммитда Ўзбекистон етакчиси ШҲТ доирасида янги иқтисодий мулоқотни йўлга қўйиш асосида саноат ва технология ҳамкорлиги бўйича умумий макон шакллантиришни таклиф қилди”, – деди.
Мазкур механизм савдо ва божхона тўсиқларини бартараф этиш, барқарор таъминот занжирини шакллантириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш бўйича қўшма дастурлар илгари суришни таъминлаши таъкидланди.
СМТИ директори фикрича, транспорт-логистика инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
“Биз бу йил Ўзбекистонда – ШҲТнинг биринчи транспорт форуми ўтказиладиган майдонда транспорт йўлакларини ривожлантириш билан боғлиқ барча долзарб масалаларни муҳокама қилиш ниятидамиз”, – деди у.
Э.Ариповнинг сўзларига кўра, ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан бири. ШҲТ давлатлари салоҳияти ички бозорни ғалла, чорва ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари билан барқарор равишда таъминлаш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан, СМТИ директори Ўзбекистон томонидан меъёрий-ҳуқуқий базани мослаштириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва соҳага инновацияни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувлари” ҳужжатини ишлаб чиқиш таклиф этилганини таъкидлади.
“Мана шундай ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида жорий йил Тошкент шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказилади ва биз барчани ушбу муҳим анжуманда фаол иштирок этишга чақирамиз, – деди Элдор Арипов.
Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази томонидан ташкил этилган тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар тадқиқот марказлари раҳбарлари ва экспертлари, кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар таҳлилий институтлари вакиллари, шунингдек, ШҲТ Котибияти ва МАТТ ижроия қўмитаси раҳбарияти – жами 12 давлатдан 60 га яқин мутахассис қатнашди.
Форум сўнгида ушбу анжуман раислиги эстафетаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига ўтди. Демак, ХIХ йиғилиш 2024 йил мамлакатимизда ўтади.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА