Дунёни эзгулик қутқаради
13 ноябрь куни сайёрамизда энг самимий ва инсонпарвар саналардан бири — Бутунжаҳон меҳрибонлик куни (World Kindness Day) нишонланади.
Кундалик ҳаёт ташвишлари, тинимсиз янгиликлар оқими ичида кўпинча инсон эканлигимизни англатувчи жиҳатларни унутиб қўямиз. Бу сана эса шошилишлардан бир зум тўхтаб, атрофга назар солиш, кичик бир яхшилик ёки самимий айтилган эзгу сўз кимнингдир бир кунини, баъзан эса бутун ҳаётини ўзгартира олишини ёдга олиш учун ажойиб имкониятдир. Айнан шу куни бутун дунё аҳли бир лаҳза тўхтаб, инсоннинг ўзгаларга яхшилик қилиши, ҳамдардлиги ва беғараз ғамхўрлиги оддий, аммо буюк куч экани ҳақида мулоҳаза юритади.
Бутунжаҳон меҳрибонлик кунига 1997 йилда Токиода “Бутунжаҳон меҳрибонлик ҳаракати” жамоатчилик бирлашмаси ташаббуси билан асос солинган. Ушбу сана байрам сифатида 1998 йил 13 ноябрда расман таъсис этилган. Ўшандан буён байрам кўлами барча қитъаларга ёйилди. Ўнлаб мамлакатлар, хусусан, Россия, Австралия, Япония, Европа ва Яқин Шарқ давлатлари мазкур ҳаракатга қўшилди. Мазкур сананинг асосий мақсади — яхшилик қилиш кишига руҳий ҳузур бағишлаши билан бирга, тинчлик-тотувлик ва инсонийликни сақлаб қолиш учун ҳам ўта зарурлигини эслатишдир.
Замонавий илм-фан файласуфлар ва олимларнинг меҳр-шафқат кучли биологик ҳамда психологик таъсирга эга экани ҳақидаги асрлар давомида айтиб келган фикрларини аллақачон тасдиқлади. Бунда “бахт гормонлари” ишга тушади, яъни инсон бирор эзгу ишга қўл ўрганида ёки шунчаки бировнинг яхшилик қилганини кузатганида, мияси эндорфин, серотонин ва дофамин гормонларини ишлаб чиқаради. Психологлар бу ҳолатни “helper’s high” — кишининг бошқа бир инсонга ёки ҳайвонга беғараз ёрдам кўрсатганидан сўнг ҳис этадиган кўтаринки кайфияти, эйфория ва хотиржамлиги деб аташади. Атрофдагиларга доимий ғамхўрлик қилиш инсонда кортизол (стресс гормони) даражасини пасайтириб, қон босимини меъёрлаштиради, иммун тизимини мустаҳкамлайди.
Меҳр-шафқатнинг ажойиб юқумли хусусияти бор. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бировнинг холис яхшилигига гувоҳ бўлган одамнинг ўзи ҳам шундай фидойилик кўрсатиш эҳтимоли анча юқори бўлади. Бутун бир жамоа, ҳатто шаҳардаги муҳитни ўзгартиришга қодир бўлган эзгу ишлар занжири ана шу тарзда юзага келади.
13 ноябрь қандай нишонланади?
Бутунжаҳон меҳрибонлик кунини нишонлаш катта маблағ ёки алоҳида тайёргарликни талаб этмайди. Чинакам меҳр-шафқат арзимасдек туюлган оддий амалларда намоён бўлади. Шу боис кўпинча у эътибордан четда қолади. Дўкон кассири, автобус чиптачиси, кўча тозаловчиси ёки ҳамкасбингизга кундалик меҳнати учун миннатдорлик билдиринг. Кимдир билан муносабатларингиз совуқлашган ёки ўртангизда анчадан буён тушунмовчилик давом этаётган бўлса, 13 ноябрь — кечирим сўраш ва ярашиш сари илк қадам ташлаш учун энг қулай фурсатдир.
Атрофдагиларга илиқлик улашинг: хайрия жамғармаси ёки ҳайвонлар бошпанасига кўмаклашинг, кекса қўшнингиз учун озиқ-овқат харид қилинг ёки муҳтожларга имкон қадар эҳсон қилинг. Яқинларингизга вақт ажратинг: ота-онангизга қўнғироқ қилинг, фарзандларингизни бағрингизга босинг, турмуш ўртоғингиз учун севимли таомини тайёрлаб беринг. Ўзингизга нисбатан ҳам меҳрибон бўлинг — ўзингизни ортиқча танқид қилишни, ўтмишдаги хатолар учун айблашни тўхтатинг, дам олинг, сизга қувонч бағишлайдиган машғулотларга вақт ажратинг. Руҳий ва жисмоний саломатлигингизга эътибор қаратинг. Зеро, яхшилик ҳеч қачон унутилмайди, дунёни эзгулик қутқаради.
Лира Шафик тайёрлади,
ЎзА