
-
Туркистон алоҳида мақомга эга бўлди

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев “Туркистон шаҳрининг алоҳида мақоми тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур ҳужжат асосида бу қадим кент мамлакатнинг маънавий, тарихий, маданий, сайёҳлик маркази ва меъморий мероси сифатида эътироф этилган.
Ушбу ташаббус тарихий-маданий мерос ва миллий ҳунармандликни асраб-авайлаш, тиклаш, ягона услуб – меъморий қиёфани ифодалаш учун дизайн кодексини жорий этиш, муҳофаза қилинадиган ҳудудда қурилишни тақиқлаш, шаҳарнинг тарихий ўзига хослигини сақлаб қолиш, шу билан бирга туризмни ривожлантириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган.
Туркистонни “Иккинчи Макка” дейишади. Туркий халқлар орасида алоҳида ўрин эгаллаган мазкур шаҳарда Темурийлар салтанати саркардаси ва асосчиси Соҳибқирон Амир Темур даврига оид бинолар мавжуд. Тарихий обидалар ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилган.
Россия - АҚШ музокарасининг навбатдаги давраси қаерда ўтади?
Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаранинг навбатдаги давраси Форс кўрфази давлатларидан бирида яқин кунларда бўлиб ўтиши мумкин, деб хабар тарқатди CNN телеканали.

Айни пайт тадбирга тайёргарлик кўриляпти.
18 февраль куни Ар-Риёдда юқори даражадаги Россия – Америка музокараси бўлиб ўтган эди.
Стармер Россия ҳақида баёнот берди

Россия Украинада тинчлик ўрнатиш шартини ўзи ўрнатмаслиги керак, деди Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер. Бу ҳақда “Yahoo News” нашри ёзган.
– Охир-оқибат Россия келишувда иштирок этиши керак, лекин бу масалага РФ хавфсизлик кафолати шартини, ягона хулосага келингунча, ўзи белгилайди, деган нуқтаи назардан ёндаша олмаймиз, – деди сиёсатчи. – Акс ҳолда ҳеч қандай тараққиётга эришиб бўлмайди.
Ўтган якшанба Лондонда бўлиб ўтган Европа давлатлари саммитида Украинадаги вазият ва Европа мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш имконияти муҳокама қилинган.
Япония Бош вазири Трамп – Зеленский баҳсига изоҳ берди

Япония тарафкашлик қилиш ниятида эмас, балки Украина муаммосини ҳал қилишда АҚШ иштирокини сақлаб қолиш ва G7 ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга уриняпти, деди Бош вазир Сигэру Исиба Дональд Трамп ва Владимир Зеленский ўртасидаги учрашувда юзага келган келишмовчиликни изоҳларкан.
– Телевидение орқали кўриб, янгиликларни ўқиб, менда “Нега бундай бўлди”, деган савол туғилди, – деди у. – Трамп АҚШ қандай масъулиятни зиммасига олиши ва Президент сифатида америкалик солиқ тўловчилар учун нима қилиши кераклиги ҳақида ўз фикрига эга эканлиги аниқ. Шу нуқтаи назардан Украина томонида у кутганидек тўғри тушунча бўлмаган кўринади.
Хитойлик археологлар ўт ёқадиган қадимий асбоб топишди

Хитойнинг шарқий қисмида қадимшунослар томонидан тахминан 7000 йиллик ўт ёқишда ишлатиладиган асбоб топилди, деб хабар тарқатди “Global Times” газетаси.
Жисмлар Цзянсу вилоятидаги Цаояньган номли қадимий қўналғада олиб борилган қазишма пайти топилган. Ёғоч бурғу 60 сантиметрдан узунроқ, ёнғин тахтаси узунлиги эса 30 сантиметрга тенг. Тахтанинг бир учидаги думалоқ найчадан, эҳтимол, арқон боғлаш учун фойдаланилган бўлиши мумкин.
“Синьхуа” ахборот агентлиги таъкидлаганидек, ушбу кашфиёт ҳозирги кунга қадар Чинда топилган ўт олдириш технологиясига оид энг қадимги далилларни тақдим этади.
Хитой маданий ёдгорликлари жамияти аъзоси Лю Чжен интервьюда “Бу кашфиёт мамлакат цивилизацияси бошланиши ҳақида ёрқин тушунча беради”, деган.
Эрон вице-президенти Зариф яна истеъфо берди

Ўтган йил август ойи бошида сайланган Президент Масъуд Пезешкиён фармони билан Эрон Ислом Республикаси стратегик масалалар бўйича вице-президенти, собиқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф истеъфога чиқди, деб хабар тарқатди ИРНА агентлиги ҳукуматга яқин манбаларга таяниб.
Зариф амалдаги ҳукумат аъзоси сифатида иккинчи марта истеъфо берган. У ўтган йил 11 августда, тайинланганидан атиги ўн кун ўтиб ҳам шундай ният билдирган, бироқ президент илтимосни қондирмаган. Ўшанда вазият янги ҳукумат таркибидаги келишмовчиликлар сабаб чигаллашгани тахмин қилинганди.
Зариф истеъфога чиққани ҳақидаги хабар якшанба куни Парламент аъзоларининг кўпчилик овози билан иқтисодиёт вазири Абдулносир Ҳимматийга импичмент эълон қилиниши асносида тарқалди. Таъкидланишича, мазкур айблов иқтисодий масалалар ҳал этилмаётгани сабаб янграган.
Сенегалда сирли касалликнинг қўзғатувчиси аниқланди

Тадқиқотчилар Сенегалдаги юзлаб балиқчилар хасталанишига сабаб бўлган сирли касалликни қўзғатувчи ҳолатни аниқлади, деб хабар тарқатди RFI радиоси.
Муаммо илк бор 2020 йил ноябрь ойида, 100 дан ортиқ балиқчи номаълум касалликка чалинганда пайдо бўлган. Вирус ўчоғи мамлакат ғарбида, пойтахт Дакар яқинидаги Руфиск ва Мбур порт шаҳарлари ўртасида экан. Маҳаллий беморларда қора қўтир шаклида тери тошмаси пайдо бўлган.
Беш йил давомида “балиқчилар касаллиги” сири очилмай келди. Энди олимлар патогенни аниқлашга муваффақ бўлишди. Беморлар сув ўти Вулcанодиниум ругосум ва шу ўсимлик ишлаб чиқарадиган Портимин А токсинидан азият чеккан.
– Ушбу митти ўсимлик ишлаб чиқадиган жуда кўп миқдордаги токсинни кўз билан кўриб бўлмайди, – дейди Франция Барқарор ривожланиш тадқиқотлари институти вакили Патрик Бремер Дакардаги балиқчиларга. – Мазкур сув ўти қандай пайдо бўлиши эса ҳозирча номаълум.
Каллас Трампнинг ЕИ мақсади ҳақидаги сўзларини рад этди

Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Президент Дональд Трампнинг “Европа блоги АҚШдан фойдаланиш учун яратилган”, деган фикрини рад этди.
– Европа – тинчлик лойиҳаси бўлиб, ЕИ аъзолари орасида уруш чиқмаслиги учун тузилган, – деди у Трампнинг сўзларига изоҳ беришни сўраган CBS телеканали мухбирига. – ЕИ Трансатлантик муносабатлар учун яхши лойиҳа. Мен Америка етакчисининг сўзларидан ҳайратдаман. АҚШ маъмурияти раҳбарининг баёноти Брюссель ва Вашингтон муносабатидаги кескинлик анчайин жиддий эканини англатмоқда.
Трамп аввалроқ “ЕИ АҚШдан ўз манфаати йўлида фойдаланиш мақсадида ташкил қилинган” мазмунидаги фикрни билдирган эди.
ЕИ Украинани фақат муайян вақтда қўллаши мумкин

Европа давлатлари Украинани қўллаб-қувватлаши мумкин, фақат муайян, чекланган вақт, эҳтимол бир неча ой давомида, деб ёзди “El Mundo” газетаси.
Унинг таъкидлашича, Киев олган умумий ёрдамнинг 43 фоизи Вашингтон ҳиссасига тўғри келади.
Брюссель ҳарбий саноатни 100 фоиз ишга тушириши зарур бўлган муҳим уч йилни бой берди. Хусусан, ЕИда ўқ-дори сотиб олиш бўйича ягона режа ёки мувофиқлаштирилган қўмондонлик тузилмаси ҳам йўқ.
Кремлнинг Трамп ва Зеленский учрашувига муносабати

Трамп ва Зеленскийнинг Вашингтондаги учрашуви Украина бўйича келишув йўлига тушиб олиш қанчалик қийин кечишини кўрсатди, деди Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
С.Раҳимов, ЎзА