Наманганда Ўзбекистон теннис федерацияси, Халқаро теннис федерацияси ва бир қатор ташкилотлар томонидан теннис бўйича ўсмирлар ўртасида халқаро турнир ўтказилмоқда.
J100 таснифига кирувчи мазкур нуфузли турнирда мамлакатимиз теннисчиларидан ташқари Австралия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Қозоғистон каби бир қатор давлатлардан келган ракетка усталари иштирок этмоқда.
Мусобақанинг яккалик баҳсларидан муваффақиятли ўтган теннисчиларимиз бугун иккинчи давра учрашувларида иштирок этади. Унда Суҳроб Саидов кореялик Се Хюк Чо билан рақобатлашса, Амир Сафаев таиландлик Пенн Чарусорн билан куч синашади. Қизлар ўртасида эса Фотима Маҳмудова нейтрал теннисчи Даря Кузнетсовани, Сабрина Олимжонова эса нейтрал теннисчи Фамина Уладзислава билан мусобақалашади.
Шунингдек, халқаро турнирда ушбу теннисчиларимиз жуфтлик баҳсларида чорак финал босқичида ҳам ўйин ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА