Хоразмлик жаҳон чемпионларига муносиб рағбат
Хоразмлик ёш спортчилар халқаро майдонда эришган юксак натижалари учун муносиб тақдирланди.
Словакиянинг Братислава шаҳрида ўтказилган U-20 жаҳон чемпионатида юнон-рум кураши бўйича 63 кг вазн тоифасида Қувончбек Исмоилов олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони бўлди.
Шунингдек, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида U-17 спортчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида аёллар кураши бўйича 43 кг вазн тоифасида Мухлиса Машарипова ҳам чемпионликка эришди.

Мазкур ютуқлар муносабати билан Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси Нигматулло Йўлдошев томонидан Қувончбек Исмоиловга уч хонали хонадон, Мухлиса Машариповага эса 200 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ваучери тантанали равишда топширилди.
Бу эътироф ёш чемпионларимизнинг меҳнати ва халқаро майдондаги муваффақиятларига муносиб рағбат бўлди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири