Дунё суратларда
ЎзА ўқувчиларни жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалардан суратлар ёрдамида бохабар этишда давом этади.

Индонезия: Калимантан оролидаги Палангкарая шаҳрида ўрмон ёнғини туфайли ҳудудни қуюқ тутун қоплади. Ёнғин Суматра оролига ҳам тарқалиб, Малайзия ва Сингапурда ҳам ҳавони ифлослантирди. Борнео оролидаги жамоат ташкилотлари ҳукуматдан ҳар йили такрорланадиган ўрмон ёнғинига қарши чора кўришни талаб қилиб, судга мурожаат қилган.

Хитой: Шэньян шаҳрида аёл карам ортилган электр велосипедни бозорга олиб боряпти. Сентябрь ойида ишлаб чиқарувчилар нархни 5 фоиз ошириб, сўнгги тўрт йилдан бери энг юқори ўсишни қайд этди. Бунга ёнилғи нархи кўтарилиши ва бизнес харажати ошиши сабаб бўлган.

Вьетнам: Хошимин шаҳридаги Ле Тхи Риенг маданият боғида аёл урушда ҳалок бўлган аскарлар жасади солинган тобутлар ёнида турибди. Мамлакатда Франция ва АҚШ билан бўлган урушларда ҳалок бўлган, қолдиғи яқинда топилган 700 дан зиёд ҳарбий хотирасига дафн маросими ўтказилди. Мақсад – ўнлаб йил давомида дараги чиқмаган аскарлар шахсини аниқлаш.

Ҳиндистон: Деҳли шаҳрида Бош сайлов комиссари Гьянеш Кумар истеъфосини талаб қилиб ўтказилган намойишда хавфсизлик ходимлари фаол талабалардан бирини ушлаб, олиб кетди. Сайловчилар рўйхатидан 130 миллион кишининг исми ўчириб ташлангани жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарган. Натижада гўёки, “Нарендра Модининг ҳинду миллатчилигига асосланган ҳукумати”га қарши сиёсий инқироз юзага келган.

Украина: Киевда Россия ҳаво ҳужумидан кейин турар-жой биносида ёнғин содир бўлди. Тунги зарба оқибатида шаҳарнинг беш тумани электр энергияси ва сув таъминотидан узилди. РФ баллистик ракета ва “Шаҳид” дронларидан фойдалангани айтилган.

Непал: Горка ҳудудида кўчки оқибатида Будхи-Гандаки дарёси тошиб, уйлар лой остида қолди. Табиий офат таъсирида тўрт кўприк, ўнлаб уй ва гидроэлектр станцияси қурилиши мажмуаси вайрон бўлган.

Венесуэла: Каракас шаҳрида тиббиёт ва таълим соҳаси мутахассислари, собиқ ходимлар ҳамда сиёсий маҳбусларнинг яқинлари намойиш ўтказди. Улар иш ҳақини ошириш ва сиёсий маҳбусларни озод этиш талабини илгари сурган. Намойиш вақтида Венесуэла байроғига ўранган аёл президент саройи яқинида полиция ходими билан юзма-юз келди.

Исроил: Шохам шаҳрида 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдидан Марказий сайлов комиссияси логистика маркази ходимлари сайлов бюллетени ва овоз бериш ускуналарини тайёрлаяпти. 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужуми ҳамда Ғазо, Ливан ва Эрондаги қарийб уч йиллик урушдан кейин ўтаётган сайлов мамлакат келажагига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Покистон: Чаман шаҳрида Паштунхва Миллий авоми партияси тарафдорлари намойиш ўтказди. Мухолифат Хайбер-Пахтунхва вилоятида фавқулодда бошқарув жорий этилишига қарши мамлакат бўйлаб норозилик билдиришини эълон қилди.

Испания: Мадрид шаҳрида талабалар ўқитувчилар билан бирга мактаб шароитини яхшилаш, синфда ўқувчи сонини камайтириш ва иш ҳақини ошириш талаби билан намойиш ўтказди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА