Олимлар Ўзбекистон раҳбарининг мамлакатимизда, жумладан, фан ва маданият соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва туб ислоҳотларга йўналтирилган позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдирди.
“Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс учун шароит яратишга қаратилган миллий ғоя, авваламбор пухта ўйланган маданий сиёсатга асосланади. Айнан маданият мамлакатнинг тикланишига, жамият маънавиятининг юксалишига, одамларнинг, айниқса, ёш авлоднинг ватанпарварлигини тарбиялашга асос бўлади. Ўзбекистонда миллий маданият соҳасидаги тизимли ислоҳотлар натижасида қадимий ёдгорликлар кенг миқёсда тикланмоқда ва уларни ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, илмий ва маърифий ишлар янги туртки олмоқда, халқ ижодиёти, номоддий меросни асраб-авайлаш давлат даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатнинг маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган сиёсати ҳақиқатан ҳам таҳсинга лойиқ. Сўнгги йиллар давомида соҳада кескин ўзгаришлар юз берди, бу эса ўз ўрнида улкан меҳнат ва ҳаракатни талаб қилади. Сизнинг шахсий эътиборингиз ва аждодлар ютуқларига бўлган ҳурматингиз, уларнинг тажрибасини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш учун амалга ошираётган ҳаракатларингиз ҳаммамиз учун намуна бўлиб хизмат қилади” дейилган мурожаатда.
Олимлар Бутунжаҳон жамияти фаолиятининг натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтишди.
Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попованинг (Россия) таъкидлашича, “Мамлакатдаги фан ва маданият институтларининг фаолияти давлатнинг ғамхўрлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сиёсий иродаси билан тобора ривожланиб бораётгани алоҳида ҳурматга сазовор”.
“Сўнгги йиллар давомида Бутужаҳон жамияти нашриёт, тадқиқот, оммавий ахборот воситалари ва илмий-маърифий йўналишларда юздан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда, мисол сифатида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумига оид элликта китоб-альбомнинг нашр этилиши бўйича кенг кўламли лойиҳани кўрсатиб ўтишимиз мумкин. Жилдларнинг ҳар бири давлат кўмаги билан ўн минг нусхадан нашр этилади ва Ўзбекистоннинг илмий ва ўқув муассасаларига, шу жумладан, умумтаълим мактабларига бепул тарқатилади. Жаҳон музейларида сақланаётган Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида маълумот бериш, ҳужжатли ва бадиий фильмларни суратга олиш, илмий форумлар ўтказиш, тарихий ёдгорликларини ўрганиш билан боғлиқ лойиҳалар ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу туркум бўйича ишлар давом этмоқда. Сизни ишонтириб айтамизки, биз мамлакат маданий меросини асраб-авайлашга ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз”, дейилган мурожаатда.
“Биз, дунёнинг турли мамлакатлари – Европа, Осиё ва Америкадан ташриф буюрган мутахассислар, сизнинг ушбу соҳадаги ноёб ташаббусларингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ўзбекистоннинг маданий меросини ўрганиш соҳасида иш олиб борар эканмиз, ҳар биримиз Ўзбекистон ҳудудида бронза давридан бошлаб, қадим замонлардан буён ривожланиб келган энг бой маданиятнинг чексиз қадр-қимматга эга эканлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Мамлакатнинг бой маънавий ва моддий мероси жаҳон цивилизацияси учун абадий қадрият бўлиб хизмат қилади” деб таъкидлади Темурийлар санъати ва тарихини ўрганиш уюшмаси президенти ва ҳаммуассиси Фредерик Бопертюи-Брессанд (Франция).
Конгресс иштирокчилари, Бутунжаҳон жамияти аъзолари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш борасидаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб -қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди.
“Ҳозирги вақтда Янги Ўзбекистонда бўлаётган воқеалар юксак ҳурматга лойиқ. Шаржа археология идораси номидан Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига бутун дунё халқлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман” деди Шаржа археологик кенгаши директори Эиза Юсиф (БАА).
Давлат Эрмитажининг бош директори Михаил Пиотровский Бутунжаҳон жамияти V конгресси иштирокчиларига махсус мурожаат юборди. "Бизнинг музейимиз ва Ўзбекистоннинг кўплаб муассасаларини узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган дўстона алоқалар, маданият ва фан соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорлик боғлаб туради. Биз ўзбекистонлик ҳамкасблар билан амалга оширилган барча қўшма лойиҳаларнинг натижаларидан мамнунмиз ва ҳамкорликни янада кенгайтирамиз деган умиддамиз"- деб таъкидлади Давлат Эрмитажи бош директори.
Қизғин руҳда ўтаётган Халқаро конгресс маданий, тарихий меросни мукаммал ўрганишда, бу борадаги тажрибалар билан ўртоқлашишда ўзига хос илмий майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА