Дуал таълимда муҳим қадам
Навоий давлат университети “Навоийазот” акциядорлик жамияти ҳамда вилоятнинг йирик компанияларидан бири – “Zarafshon Golden Group” билан ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Унга кўра, икки томонлама манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш, ёш мутахассисларни тайёрлаш тизимини замонавий эҳтиёжлар ҳамда дуал таълим тизими асосида такомиллаштириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилинади.

Меморандум доирасида талабалар учун ишлаб чиқариш амалиётларини корхоналар базасида ташкил этиш йўлга қўйилади. Шунингдек, илмий-тадқиқот ишлари, инновацион лойиҳалар ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма дастурларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш объектларида кафедралар филиалларини очиш, ўқитувчилар ва илмий ходимлар учун корхона шароитида тажриба алмашиш имкониятларини яратиш йўналишларида биргаликда иш олиб борилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири