Дрон-шоу – янги йил учун мўъжизавий туҳфа

Пойтахтимиздаги “Тошкент-Сити“ мажмуасида 31 декабрь ЯНГИ йил арафасидаги оқшомда антиқа томоша – дронлар шоуси бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги “Тошкент-Сити“ мажмуасида 31 декабрь ЯНГИ йил арафасидаги оқшомда антиқа томоша – дронлар шоуси бўлиб ўтди.
Поёнига етиб бораётган йилни хурсандчилик билан кузатиш, Янги йилни шоду хуррамлик билан кутиб олиш мамлакатимизда яхши анъанага айланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан кейинги йилларда ҳамюртларимизнинг, мамлакатимизга келган сайёҳларнинг завқли, мароқли ҳордиқ чиқариши, байрам ва тантаналарини чин маънода кўтаринки руҳда етказиши учун зарур барча имкониятлар яратилмоқда.
Одатда Янги йил арафасидаги мўъжизани кичкинтойлар орзиқиб кутарди. Якунига етаётган 2019 йилда катталар ҳам ажойиботнинг гувоҳи бўлишди.

Пойтахтмиздаги “Тошкент-Сити“ мажмуасидаги улкан майдонда илк марта ташкил этилган бундай байрам ҳамшаҳарларимиз, меҳмонларга ғоят манзур бўлди. Бу ҳали ҳеч биримиз кутмаган, чин маънодаги самовий нурлар, милтираган юлдузлар байрами эди.
...Гўё шамоллар мусаввири учиб келиб, юксакларда сеҳрли мўйқалами билан митти чироқчалари, ажиб нурлар воситасида бетакрор тасвирларни чизаётгандек... Мана она Ўзбекистонимизнинг харитадаги кўриниши, буниси бетакрор меъморий обидаларимизнинг тасвири, бу эса афсонавий Ҳумо қуши, Янги йил сари ошиқаётган соат миллари, “Янги йилингиз билан!“ хайрлашаётганимиз 2019 йил, янги 2020 йилнинг саомвий тасвирлари...

Гарчи бу каби алоҳида махсус эффектли инновацион шоуларнинг пайдо бўлганига кўп вақт бўлмасада, у ривожланган давлатларда фаол қўлланиб келинмоқда. Айниқса одамлари ишлашни ҳам, дам олишни ҳам, меҳнату роҳатни бирдек қойиллатадиган Хитой, Япония, Жанубий Корея каби юртларда бўлиб ўтувчи турли мусиқий томошалар, театрлаштирилган дастурлар, спорт мусобақаларнинг очилиши жараёнида, табиат қўйнидаги оқшомги сайлларда шу каби самовий мўъжизакор шоуларнинг ўтказилиши анъана тусига кирган. Улар ҳар биримизнинг руҳиятимизга янада кўтаринкилик, парвоз завқи, эзгуликка хайрихоҳлик каби туйғуларни бағишлаши шубҳасиз. Гўёки унда иштирок этаётган ҳар бир инсон бу ажиб ва бетакрор жараёнининг ажралмас қисмига айланиб кетгандек ўзни ҳис этади. Ажиб мусиқий ҳамроҳлик инновацион шоуга янада сеҳр ва жозиба, бетакрор кайфият бағишлади.

“Давергеодезкадастр“ қўмитаси ахборот хизмати ходими Азиза Мингбоеванинг айтишича, Хитойдан келтирилган 300дан ортиқ махсус техник дрон ускуналарни келгусида мингтага етказилиши кўзда тутилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Давергеодезкадастр“ қўмитаси ҳузуридаги “Геоинновация маркази“ давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур дрон шоу барчага бир олам завқ бағишлади.
