Дўстликда агросервис имкониятлари кенгайди
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган фермерлар учун яна бир қулайлик яратилди. Туманнинг Саноатчилар маҳалласи ҳудудида жойлашган Микросаноат ва хизмат кўрсатиш марказида янги дилерлик ва сервис маркази ўз фаолиятини бошлади.
Янги марказ “Агротех кластер” Тошкент трактор заводи МЧЖнинг расмий дилери – “Дустлик микро центер” МЧЖ томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликларини замонавий техника воситалари билан таъминлаш, шунингдек, харид қилинган техникаларга сифатли сервис хизматлари кўрсатишдан иборат.
Марказда талабгорларга турли русумдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини имтиёзли шартлар асосида етказиб бериш имконияти мавжуд. Бу, айниқса, мавсумий агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, замонавий техника билан таъминланган хўжаликда меҳнат унумдорлиги ортиб, иш жараёнида вақт ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконияти кенгаяди.
[gallery-31369]
Янги дилерлик марказининг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда фақат техника сотиш билан чекланиб қолинмайди. Харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларига сервис ва техник хизмат кўрсатиш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Бу эса фермерларга техникадан фойдаланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор ҳал этиш имкониятини яратади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалигида техник таъминотнинг барқарорлиги иш унумдорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Айниқса, ер ҳайдаш, экиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиш каби жараёнларда техниканинг ўз вақтида ва соз ҳолда ишлаши муҳим. Шу нуқтаи назардан, Дўстлик туманида янги дилерлик ва сервис марказининг фаолият бошлаши соҳадаги мавжуд имкониятларни янада кенгайтиради.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари