Дўстлик ва иттифоқчиликнинг янги уфқлари: Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларида тарихий бурилиш
Муносабат
Асрлар давомида Марказий Осиё ва Кавказ минтақасини ягона маънавий ва маданий томирлар, умумий тарих ҳамда ўхшаш қадриятлар боғлаб келган. Бугун эса бу томирлар замонавий геосиёсат ва иқтисодиётнинг янги талаблари асосида янада мустаҳкамланиб, мисли кўрилмаган иттифоқчилик даражасига кўтарилмоқда.
Хусусан, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга амалга оширган навбатдаги давлат ташрифи нафақат икки томонлама алоқалар силсиласи, балки бутун минтақалараро ҳамкорлик тарихида муҳим ва ўчмас саҳифа очди.
Кўксарой қароргоҳида ўтказилган Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши, олий мукофотларни топшириш маросими, қатор муҳим ташаббусларнинг илгари сурилиши ва Бухоро бўйлаб зиёрат бу ташрифнинг ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа эканини яққол исботлади.

Қолаверса, икки мамлакат етакчилари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралари, энг аввало, юксак даражадаги ўзаро ишонч ва очиқлик муҳитида ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши саммитнинг бош воқеасига айланди. Мазкур ҳужжат икки қардош халқнинг келажакка биргаликда қадам ташлаш, ягона цивилизацион код ва стратегик мақсадлар атрофида жипслашиш иродасини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. Етакчилар таъкидлаганидек, бу дўстлик шунчаки қоғозда қолмайди, балки ҳар бир банд аниқ натижалар ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортди. Бироқ бу марра мавжуд салоҳиятнинг муайян бир қисми, холос. Саммит доирасида томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган ва 2030 йилгача мўлжалланган махсус дастурни қабул қилдилар. Ташрифга тайёргарлик кўриш доирасида энергетика, геология, кимё, қурилиш, молия ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида салмоқли лойиҳалар тўплами шакллантирилди.
Шу боис ҳам музокаралар шунчаки назарий келишувлар билан чекланиб қолмай, тўғридан-тўғри амалий ҳаракатларга кўчди. Икки мамлакат Президентлари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги янги йирик қўшма лойиҳаларга тантанали равишда старт бердилар. Мазкур лойиҳалар банк-молия соҳасидаги ҳамкорлик, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилларга ёқилғи қуйиш инфратузилмасини барпо этиш, йирик туристик ва турар жой мажмуаларини қуриш, минерал хомашёни қайта ишлаш ҳамда боғдорчиликни ривожлантиришни ўз ичига олади. Бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашда Қўшма инвестиция компанияси ва Инвестиция жамғармаси маблағларини фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва логистика самарадорлигини ошириш мақсадида Транскаспий коридорини (Ўрта йўлак) биргаликда ривожлантириш ва юк ташувларини рағбатлантириш стратегик аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилди. Ҳудудлар имкониятларини тўлақонли сафарбар этиш учун жорий ойда Тошкент шаҳри, Бухоро ва Наманган вилоятлари ҳокимлари Озарбайжонга ташриф буюриб, ҳамкорлик заминларини мустаҳкамладилар. Саммит якунида эса Урганч ва Хонкенди, Бухоро ва Лочин, Урганч ва Нахчивон шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилди.
Давлат раҳбарлари Янги Тошкент ҳудудида 40 гектар майдонда барпо этилаётган Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини тантанали равишда очдилар ҳамда Низомий Ганжавий ҳайкали ёнида дарахт экдилар. 20 минг талабага мўлжалланган ушбу муассасада замонавий лабораториялар ва Низомий Ганжавий меросига бағишланган Музей экспозицияси ташкил этилган. Шунингдек, Янги Тошкентда қардошлик рамзи сифатида “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларига старт берилди.
Шунингдек, ташрифнинг маданий ва маънавий қисми икки мамлакат Президентлари ва уларнинг рафиқаларининг қадимий Бухоро шаҳрига зиёрати билан якунланди. Олий мартабали меҳмонларга Бухоронинг Буюк ипак йўлидаги ислом цивилизацияси, илм-фан ва шаҳарсозлик маркази сифатидаги кўп асрлик тарихи тақдим этилди.
Хулоса қилиб айтганда, Кўксарой музокаралари, Янги Тошкентдаги бунёдкорлик ва Бухорода кечган ушбу тарихий икки кунлик ташриф Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари шунчаки дипломатик алоқалар эмас, балки ягона илдизга, мустаҳкам ишончга ва умумий келажакка таянган ҳақиқий иттифоқчилик эканини яна бир бор исботлади. Саммит якунида имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 1 миллиард долларлик савдо марраси, 2030 йилгача мўлжалланган дастурлар ва қабул қилинган “йўл харитаси” икки қардош халқнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА