Дўстлик ва бағрикенглик – Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг муҳим таянчи
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўтказилаётган “Дўстлик” ҳафталиги доирасида “Дўстлик кечаси” ташкил этилди.
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамиятда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва фуқаролик бирдамлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида ижодий учрашув ўтказилиб, унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон манфаатлари, миллатлараро тотувлик ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш масалалари турганини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг миллий қадриятлари, тили ва маданиятини асраб-авайлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

– Дўстлик кечасида юртимизда қарор топган тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳити юксак эътироф этилди, – дейди Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилояти бўлими раҳбари Рустам Ҳайитов. – Иштирокчилар халқимиз бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини асраш, ёш авлодни ватанпарварлик, бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар ва маданий дастурлар намойиш этилиб, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат ғоялари кенг тарғиб қилинди.

Навоий вилоятида ўтказилаётган “Дўстлик кечаси” тадбирлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт билан бир қаторда, жамиятда тинчлик, барқарорлик ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири