Дўстлик ришталари мустаҳкамланди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ўтказилган “Дўстлик фестивали” доирасидаги Мўйноқ сафари иштирокчилар учун энг таъсирчан ва мазмунли тадбирлардан бирига айланди.
Ушбу сафар ёшларни Орол фожиасининг сабоқлари, тарихий хотира ва экологик масъулият масалалари билан яқиндан таништирди. Қорақалпоғистоннинг шимолида жойлашган Мўйноқ бир пайтлар Орол денгизининг йирик порт шаҳри сифатида танилган эди. Денгиз билан чамбарчас боғлиқ ҳаёт, ривожланган балиқчилик саноати ва серқатнов қирғоқлар бу ҳудуднинг иқтисодий қудратини белгилаб турган. Бугун эса Мўйноқ инсон ва табиат муносабатларининг мураккаб оқибатларини намоён этувчи тарихий маскан сифатида дунё эътиборида турибди.
Фестиваль иштирокчилари дастлаб очиқ осмон остидаги машҳур “Кемалар қабристони”ни зиёрат қилдилар. Қумлар бағрида қолиб кетган улкан кемалар ёшларни узоқ ўтмишга назар ташлашга ундади. Бир вақтлар денгиз узра ҳаракатланган ушбу кемалар бугун Орол тарихининг сукутдаги гувоҳлари сифатида турибди. Мазкур манзара экологик муаммоларнинг кўлами ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш заруратини яна бир бор эслатади.
Сафарнинг навбатдаги манзили Орол денгизи тарихи музейи бўлди. Музейдаги экспонатлар, ноёб ҳужжатлар ва фотоархивлар орқали талабалар Оролнинг бой ўтмиши, ҳудуд аҳолисининг ҳаёт тарзи ҳамда экологик ўзгаришларнинг минтақа тараққиётига таъсири ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Мўйноқ сари йўл олган делегация Қўнғирот туманидаги 43-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан учрашди. Самимий мулоқот давомида таълим, китобхонлик, маънавий камолот ва замонавий касбларни эгаллаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, мазкур мактаб Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов таҳсил олган таълим муассасаси экани таъкидланди. Бу ҳақдаги маълумот фестиваль иштирокчилари ва ўқувчи-ёшлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди ҳамда уларда юксак марраларга интилиш руҳини янада кучайтирди.
Тадбир якунида “Бир китоб – минг дўст” шиори остида маърифий акция ташкил этилиб, мактаб ўқувчиларига бадиий ва илмий адабиётлар совға қилинди. Ушбу ташаббус ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва маънавий муҳитни бойитишга хизмат қилди.
Мўйноқ сафари давомида олинган таассуротлар фестиваль иштирокчиларининг хотирасида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди. Тарих ва бугун ўртасидаги боғлиқликни яққол намоён этган ушбу сафар ёшларни атроф-муҳитга дахлдорлик ҳисси, юрт тақдири ва келажак олдидаги масъулият ҳақида чуқурроқ ўйлашга ундади.
“Дўстлик фестивали”нинг мазмун-моҳияти ҳам айнан шундай учрашув ва мулоқотларда намоён бўлди. Фестиваль турли ҳудудлардан келган ёшлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Энг муҳими, бундай лойиҳалар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг амалий ифодаси сифатида талаба-ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакат тараққиётига дахлдорлик туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.