Донорлик: Сизнинг қонингиз бир инсон учун ҳаётга айланиши мумкин
Донорлик — шунчаки қон топшириш эмас, балки кимнингдир оғир кунида унга умид бериш.
Бугун сиз берган қон эртага мутлақо танимаган инсоннинг ҳаёти учун энг қимматли ёрдамга айланиши мумкин.
Тошкент халқаро аэропортининг ички авиақатновлар терминалида навбатдаги Донорлар куни ўтказилди. Мазкур хайрия акцияси анъанавий равишда Республика қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Бундай тадбирлар “Uzbekistan Airports” тизимида йил давомида бир неча маротаба ўтказилиб, компания ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан доимо қўллаб-қувватланади. Бу сафар донор бўлиш истагини 96 нафар, жумладан 75 нафар эркак, 21 нафар аёл ходимлар билдирди. Мажбурий тиббий кўрикдан сўнг 80 нафар донор қон топширишга рухсат олди.
Хайрли ташаббус натижасида жами 32 литр 450 мл қон тўпланди. Ҳар бир донорлик инсон ҳаётини, жумладан, болалар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин. Бугунги акция натижасида қарийб 98 га яқин инсон зарур тиббий ёрдам олиши мумкин.
Сўнгги йиллардаги статистикага кўра, ўтган 2022 йилда компаниянинг 40 нафар ходими қон топширган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 128 нафар донорни ташкил этган. 2024 йилда донорлар сони рекорд даражага етиб, 236 нафар ходим акцияда иштирок этган. 2025 йилда эса 182 нафар донор қон топширган.
2026 йилда донорлик акциялари икки маротаба ўтказилиб, 160 нафар ходим қон топширди. Умуман олганда, сўнгги йилларда “Uzbekistan Airports”нинг донорлик акцияларида 746 нафар ходим иштирок этди. Шу даврда жами 299 литр 300 мл қон тўпланди ва бунинг натижасида қарийб 1 900 нафар инсон зарур ёрдам олиши мумкин бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА