Кейинги пайтларда кўп квартирали уйлар атрофидаги мавжуд спорт майдончалари ва болалар ўйингоҳлари, уйларга туташ ҳудудлардаги яшил ҳудудларда қурилиш ишлари амалга оширилиши ҳолатларига тез-тез дуч келаяпмиз.
Бу ҳолатлар эса фуқароларнинг норозилигига, ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу йилнинг олти ойи давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида Тошкент вилоятида 274, Тошкент шаҳрида 219, Фарғона вилоятида 186, Қорақалпоғистон Республикасида 91, Хоразм вилоятида 89, Бухоро вилоятида 65 та ва қолган вилоятларда ҳам 300 га яқин кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларида жами 1 минг 306 та ноқонуний қурилмаларни қуриш ҳолатлари аниқланган. Уларнинг 519 таси бартараф этилган бўлсада, қолган ҳолатларга ҳам тўлиқ ечим топиш лозим.

Шу билан бирга, кўп квартирали уйлар ҳудудидаги умумий фойдаланишда бўлган жойларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши билан боғлиқ Андижон вилоятида 95, Тошкент вилоятида 79, Тошкент шаҳрида 54, Бухоро вилоятида 31 та ва қолган вилоятларни ҳисоблаганда жами 368 та ҳолат аниқланган.
Шу каби ҳолатлардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг мажлисида кўп квартирали уйларга туташ ҳудудлардаги яшил майдонлар, болалар ўйингоҳлари ва спорт майдончаларини жой мулкдорлари, бошқарув сервис компаниялари томонидан сақлаш ва доимий ободонлаштириб бориш, уларнинг туташ ҳудудлари ноқонуний эгаллаб олинишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш бўйича қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА