Долзаб мавзуларга бой бўлган кўрик-танлов
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “Гендер тенглик – фаровонлик гарови” шиори остида ташкил этилган кўрик-танлов жамиятда тенглик, ўзаро ҳурмат ва ижтимоий адолат ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссияси ҳамда бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди. Унда тумандаги 12 та давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, банклар ва маҳалла фаолларидан иборат жамоалар иштирок этди.

Танлов шартларига мувофиқ, жамоалар “гендер тенглик”, “оилада ўзаро ҳурмат”, “зўравонликка қарши кураш”, “ижтимоий баробарлик” ва “меҳр-оқибат” каби мавзуларда билим ва дунёқарашларини намоён этишди. Улар томонидан илгари сурилган ғоялар, ижодий ёндашув ҳамда амалий ечимлар ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида баҳоланди.

Ҳар бир жамоа ўз чиқишида тенг ҳуқуқлиликка асосланган жамият қуриш, аёллар ва эркаклар ўртасидаги имкониятлар тенглигини таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган ташаббуслари билан ўртоқлашди.
Танлов якунига кўра, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими жамоаси 1-ўринни эгаллади. Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгаши котибияти жамоаси 2-, туман Халқ банки филиали жамоаси эса 3-ўринни қўлга киритди.

Шу билан бирга, бир қатор ижодий ва ижтимоий аҳамиятга эга номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
“Энг билимдон жамоа” деб эътироф этилган иштирокчилар мустаҳкам назарий билим ва долзарб ғояларни ишонч билан тақдим этишди. “Энг креатив жамоа” эса ўзининг янгича ёндашуви ва саҳнадаги таъсирчан чиқиши билан ҳакамлар ва томошабинлар эътиборини қозонди. “Энг таъсирли ғоя” номинацияси ғолиби эса жамиятда тенгликни таъминлашга қаратилган аниқ амалий таклифлари ва ижтимоий масъулияти билан алоҳида ажралиб турди.

Барча ғолиб ва фаол иштирокчиларга дипломлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири