Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг таъкидлашича, ҳозирда “Док-1 Макс” сиропини ичиш оқибатида вафот этган болаларнинг ўлими сабаби юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, Ҳиндистоннинг "Marion Biotech" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропини ичиш оқибатида вафот этган болаларнинг ўлими сабаби тасдиқланса, уларнинг оилаларига компенсация тўлаб берилиши мумкин.
Агарда компенсациянинг барча суммаси тасдиқланса, улар гап-сўзсиз тўлаб берилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Marion Biotech”нинг Ўзбекистондаги дистрибютори “Quramax Medical МЧЖ” 2006 йилда рўйхатдан ўтган. Фирма раҳбари Сингҳ Рагвендра Пратар. “Док-1 Макс” сиропи мамлакатда 2012 йилда рўйхатга олиниб, сотувга чиқарилган.
Мамлакатимизда “Док-1 Макс”га 2022 йилдан аввалги сертификат 2018 йилда расмийлаштирилган. Расмий реестрга кўра, сўнгги 4 йил давомида мазкур дорининг янги серияси олиб кирилмаган.
Ўтган 2022 йилда эса 5 сентябрдан 13 декабргача бўлган оралиқда препаратнинг 11 та сериясига сертификат берилган. Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 15 декабрдаги хатига асосан “Док-1 Макс” билан боғлиқ фожиавий ҳолатлар охирги 2 ойда рўй берган.
ЎзА