Хабарингиз бор, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 макс” дори воситасини қабул қилган 65 нафар бола вафот этган эди. Тошкентда ушбу жиноят иши бўйича суд жараёни яна давом этмоқда.
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислик қилаётган мазкур жиноят иши бўйича суд жараёни 2023 йил 1 декабрь куни бир ойга тўхтатилгани маълум қилинган эди.
Сабаби – “Док-1 макс” ва “Амбронол” (сироп) дори воситаларини истеъмол қилиб, “ўткир буйрак етишмовчилиги” оқибатида вафот этган 65 нафар бола ўлими билан боғлиқ жиноят ишига алоқадор янги шахслар Давлат хавфсизлик хизмати тергов органи томонидан айбланган.
Суд мажлисида прокурорнинг қўшимча айблов бўйича хулосаси ўқиб эшиттирилди.
Маълум бўлишича, илгариги суд мажлисларида 21 нафар судланувчининг иши кўрилаётган эди. Жиноят-процессуал кодексининг 416 - 417 моддаларига асосан суд ажрими билан қўшимча тергов ўтказиш белгиланган. Шунга кўра, тергов органлари томонидан 2 нафар шахс суд терговига тортилиб, судланувчилар сони 23 тага етди.
Бундан ташқари 21 нафар судланувчининг 17 тасига алоҳида жиноят иши қўзғатилиб, бу иш ҳам судга тақдим қилинди. Шу тариқа иккита жиноят иши бир ишга бирлаштирилди.
Кейинги суд жорий йил 10 январь куни ўз ишини давом эттиради.
Норгул Абдураимова, ЎзА