Доҳадаги саммитда рақамли трансформациянинг стратегик мақсадлари тақдим этилди
Қатарнинг Доҳа шаҳрига амалга оширилган хизмат сафари доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов GSMA томонидан ташкил этилган "Sovereign AI & National Digital Strategy Summit" юқори даражадаги саммитида иштирок этди.
Вазир саммитда Ўзбекистоннинг рақамли трансформация ва сунъий интеллект соҳасидаги устувор йўналишлари юзасидан тақдимот ўтказди. Тақдимот давомида мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини турли соҳаларга кенг жорий этиш ҳамда ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, 2030 йилга қадар эришилиши кўзда тутилган стратегик мақсадлар ва устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, сунъий интеллект соҳасида хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспортини янада ошириш, давлат хизматларига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича белгиланган режалар алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда сунъий интеллект лойиҳаларини амалга ошириш, "Беш миллион сунъий интеллект етакчиси" ташаббуси орқали аҳолининг AI саводхонлигини ошириш, миллий суперкомпьютер инфратузилмаси ва маълумотлар марказларини ривожлантириш борасида эришилган натижалар тақдим этилди.
Саммит доирасида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар алмашиш ҳамда мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА