ДХХ коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ бўлган қатор жиноятларга чек қўйди
Айни кунларда мамлакатимизда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтаётган бир вақтда, абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилаётган «уддабуронлар» ҳам учраб турибди.
Айни кунларда мамлакатимизда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтаётган бир вақтда, абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилаётган «уддабуронлар» ҳам учраб турибди.
Хусусан, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг математика фани ўқитувчиси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 4 нафар абитуриентни Самарқанд тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади ва уларнинг ҳар бири учун 12 минг АҚШ долларидан, жами 48 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс келишилган пулдан 40 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Самарқанд педагогика коллежида ўқитувчи бўлиб ишловчи, 1975 йил Иштихон туманида туғилган шахс эса алдов йўли билан маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида жойлашган «Мирас» университетига ўқишга киритиб қўйиш учун ундан 5500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Жиззах шаҳридаги оилавий поликлиникалардан бирида болалар шифокори бўлиб ишловчи, 1993 й.т. шахс маҳаллий фуқарони Жиззах давлат педагогика институти «Мактабгача таълим» йўналишининг сиртқи бўлимига ўқишга киришига ёрдам беришини айтиб, эвазига 8 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Дастлабки суриштирув давомида, у ушбу пул маблағини Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида шифокор бўлиб ишловчи, 1988 йил Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган ҳамтавоғига бериши лозимлигини маълум қилди.
Шундан сўнг тезкор тадбир Тошкент шаҳрида давом эттирилиб, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси шифокори жиноий шеригидан 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Қўқон давлат педагогика институтининг ёшлар масалалари бўйича масъулларидан бири маҳаллий фуқародан унинг танишини мазкур олий ўқув юртининг «Жисмоний маданият» факультетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 3000 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Дастлабки суриштирув давомида, у ушбу пул маблағини институт факультетларидан бирининг деканига бериши лозимлигини айтди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, факультет декани ҳам 3 минг АҚШ долларини олган пайтида қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ушбу ишларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.