Бугунги кунда мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларининг қиёфаси мутлақо таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Бунда албатта, дизайнерлар, муҳандислар, меъморлар, рассомлар, замонавий ахборот технологиялари мутахассислари, бунёдкор-қурувчиларнинг хизматлари беқиёсдир. Шаҳарлар қиёфасининг замонавий, экологик талабларга тўлиқ монанд, архитектуранинг энг сўнгги элементларини мужассам этишида соҳага оид таълим, фан ва ишлаб чиқариш жараёнларининг ўзаро уйғунлиги муҳим аҳамият касб этади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида муҳим халқаро нуфузли анжуман – “Дизайн – таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси муаммолари ва ечимлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Мазкур анжуман замонавий дизайн соҳасида таълим, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш жараёнларини уйғунлаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг ечимларини ишлаб чиқишга қаратилган бўлиб, айни пайтда Буюк Британия, AҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия каби давлатлардан олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Aнжуман дизайн, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнлари ўртасида самарали кўприк қуриш, дизайн йўналишидаги таълимнинг муаммолари ва ривожланиш истиқболлари, амалий дизайн лойиҳаларининг таълим дастурларига интеграцияси, замонавий методикаларнинг жорий этилиши, инновацион ёндашувлар, талаба-ёшларни яратувчан фикрлашга ўргатиш каби асосий йўналиш доирасида ўтказилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги замонавий дизайн ва ишлаб чиқариш муаммолари, маҳаллий дизайн брендлари ва саноат эҳтиёжлари ўртасидаги уйғунлик, маҳсулот дизайнида миллий ўзига хослик ва глобал талабларга мослашув каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. Aнжуманга Ўзбекистон, МДҲ давлатлари ва бошқа хорижий мамлакатлардан жами 200 дан ортиқ илмий мақола юборилди. Шулардан 120 таси танлаб олиниб, илмий сессияларда муҳокама қилинди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг замонавий дизайн ва архитектура йўналишида таълим олиши учун давлатимиз раҳбари томонидан зарур барча шароит ва имкониятлар тўлиқ яратиб берилган, – деди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари доктори, профессор Дилафрўз Қурбонова. – Мазкур йўналишдаги нуфузли олий таълим масканлари билан кенг қамровли ҳамкорлик замонавий дизайн ва меъморлик, шаҳарсозлик бўйича энг илғор янгиликларни, билим ва кўникмаларни эгаллашда катта аҳамият касб этади.

– Биз Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан муттасил ҳамкорлик қилиб келамиз, – деди Қозоғистоннинг К.Жубанов номидаги Ақтўбе минтақавий университети катта ўқитувчиси Гулмира Кудасова. – Мазкур ҳамкорлик академик алмашинув, грант дастурлар, биргаликдаги ўқув-маърифий лойиҳаларда, талабаларнинг илғор ишланмалари тақдимотларида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Бу каби халқаро нуфузли анжуманлар замонавий архитектура ва дизайн бўйича илғор фикр ва ташаббусларни атрофлича таҳлил этиш, ўрганиш имкониятини бериши билан диққатга сазовордир.
Дарҳақиқат, бугунги кунда шаҳарларимиз қулай, ишончли, хавфсиз, экологик, муҳандислик-коммуникация, меъморчилик талабларига тўлиқ монанд бўлиши кераклигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Бу борадаги энг мақбул ечимларни топишда эса мамлакатимиздаги етакчи олий таълим даргоҳи саналган Миллий рассомлик ва дизайн институтидаги дизайн – таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига бағишланган халқаро анжуманнинг аҳамияти ғоят катта бўлди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири