Дизайн соҳаси вакиллари эронлик мутахассислар билан тажриба алмашди
Мамлакатимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш ва талабаларнинг касбий маҳоратини халқаро андозалар даражасида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу боис, соҳага хорижий тажрибани жалб этиш ва етакчи мутахассислар билан тажриба алмашинувини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Яқинда дизайн йўналишида таҳсил олаётган бўлажак ижодкорлар учун эронлик тажрибали мутахассислар иштирокида ташкил этилган маҳорат дарслари мана шундай амалий қадамлардан бири бўлди.
Хусусан,Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Эрон Ислом Республикасининг “Orsham Collection" ташкилоти вакиллари, либос газламалари бўйича профессор Ҳода Ҳоссеини ҳамда туризм ва агротуризм соҳаси мутахассиси Мажид Замани билан учрашув бўлиб ўтди.

Ташриф аввалида меҳмонлар институт галереясига ташриф буюриб, унда Ўзбекистон Халқ рассоми Рустам Худайбергановнинг 80 ёшга тўлиши ҳамда 35 йиллик педагогик фаолиятига бағишланган «Ўзимни излаб» номли шахсий кўргазмаси билан танишди.

Шундан сўнг, меҳмонлар томонидан институтнинг музейшунослик ва дизайн йўналиши талабалари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.Ушбу дарслар талабаларга нафақат назарий билимларини бойитиш, балки Шарқ дизайн мактабининг ноёб анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятини ҳам тақдим этди.
Учрашув давомида талабалар бугунги дизайнерлик соҳаси, матосозлик, пахтачилик, матоларга ранг бериш технологиялар ҳақида маълумотларга эга бўлди.
Г.Бобоева,ЎзА