Дилдора Арипова Ўзбекистон кубогида 4 олтин медаль соҳиби бўлди
Спорт гимнастикаси бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақаси якунланди.
Аёллар ўртасида кечган баҳсларда Дилдора Арипова муваффақиятли иштирок этиб, мусобақанинг тўрт йўналишида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Хусусан, у кўпкураш, турли баландликдаги брус, бревно ҳамда эркин машқлар баҳсларида олтин медални қўлга киритди.
Кўпкураш баҳсларида Александра Шевченко кумуш, Милана Гайнуллина бронза медалига сазовор бўлди.
Таяниб сакраш йўналишида Шахинабону Юсупова биринчи ўринни эгаллади. Оксана Чусовитина кумуш, Жасмина Маҳмудова бронза медали билан тақдирланди.
Турли баландликдаги брус баҳсларида Дилдора Арипова ғолибликни қўлга киритган бўлса, Александра Шевченко иккинчи, Милана Гайнуллина учинчи ўринни эгаллади.
Бревно машқларида ҳам Дилдора Ариповага тенг келадигани топилмади. Лобар Амриллаева кумуш, Жасмина Маҳмудова эса бронза медали соҳиби бўлди.
Эркин машқлар баҳсида Дилдора Арипова олтин, Милана Гайнуллина кумуш ва Жасмина Маҳмудова бронза медалига эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА